Жаҳон | 18:36 / 12.02.2024
8056
2 дақиқада ўқилади

Александр Стубб Финландия президенти этиб сайланди

Сайлов кампанияси давомида у ўзини НАТО ва аксилроссия курсининг фаол тарафдори сифатида кўрсатди. 

Фото: EPA

Финландия собиқ бош вазири Александр Стубб барча бюллетенлар санаб ўтилгандан сўнг 51,6 фоиз овоз тўплаб, президент сайловининг иккинчи босқичида ғалаба қозонди, деб хабар берди Yle. 

Президентликка иккинчи даъвогар, Финландия ташқи ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари Пекка Ҳаависто 48,4 фоиз овоз олди. 

Стубб ва Ҳаависто 28 январ куни бўлиб ўтган сайловнинг биринчи босқичидан сўнг мос равишда 28,3% ва 25,8% натижа билан иккинчи турга чиққан эди. Президентлик сайловолди ташвиқотида жами 9 нафар номзод иштирок этди. 

Қонунга кўра, президент 6 йилга, кетма-кет икки муддатдан кўп бўлмаган даврга сайланади. Стубб ўн учинчи давлат раҳбари бўлади. У 1 мартдан лавозимга киришади. 

Александр Стубб мамлакат ҳукуматларида қатор вазирлик лавозимларида ишлаган. 2008 йилда ташқи ишлар вазири этиб тайинланганидан кейин у ўзини НАТО тарафдори сифатида кўрсатди. 2014-2015 йилларда Вазирлар Маҳкамасини бошқарган. 2017 йилда у сиёсатни абадий тарк этишини эълон қилди. 

2023 йилда Стубб, кўпчилик учун кутилмаганда, давлат раҳбари лавозимига сайловда иштирок этишини эълон қилди. 

Финландия 2023 йил апрелида НАТО аъзоси бўлганидан бери биринчи марта янги президентни сайламоқда. Бошқа кўплаб Ғарб давлатлари давлат раҳбарларидан фарқли ўлароқ, Финландия президенти ташқи сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда муҳим рол ўйнайди, НАТО ташкилотида мамлакатни ифодалайди ва мудофаа кучларини бошқаради. 

Сайлов кампанияси давомида Стубб ўзини Евроатлантика ва аксилроссия курсининг фаол тарафдори сифатида кўрсатди. У Россиянинг БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо бўлишига қарши эканини билдирди, шунингдек, Россия қўшинлари Украинада бўлса, шарқий қўшниси билан тўлақонли муносабатларни рад этишга чақирди. Музлатилган Россия активларини мусодара қилиш ва улардан Киевга ёрдам бериш учун фойдаланишни қўллаб-қувватлади.

Мавзуга оид