Ўзбекистон | 09:08 / 14.02.2024
12959
2 дақиқада ўқилади

Қўқонда суд ходими пора билан ушланди 

У никоҳдан ажратиб бериш эвазига фуқародан 1000 АҚШ доллари олган. 

Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг архивариуси тезкор тадбирда ушланган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг архивариуси А.А. фуқаро Г.Ж.дан турмуш ўртоғи Т.Ж. билан қонуний никоҳдан ажратиб бериш эвазига 1 000 АҚШ доллари олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари томонидан қўлга олинган.

“Олий суд мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросини жамиятда, хусусан, суд органларида коррупцияни таг-томири билан бартараф этишда фаол ҳамкорликка чақиради.

Агар суд ходими фаолиятида коррупция билан боғлиқ хатти-ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик)ни кузатсангиз, сезсангиз, бу ҳақда зудлик билан Олий суд Коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат гуруҳининг (71) 239-01-79 рақамли “Ишонч телефони”га маълум қилишингизни сўраймиз”, дейилади расмий баёнотда.

Олдинроқ жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман суди раиси судланувчига енгилроқ жазо тайинлаш учун 20 минг доллар талаб қилиб, шундан 2 минг АҚШ долларини олган вақтида ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушланганди.

Мавзуга оид