Шавкат Мирзиёев Марҳамат туманига борди
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти Марҳамат туманидаги шахмат мактаби ва кутубхонада бўлди.
«Юртимиз олдиндан салоҳиятли шахмат мактабига эга. Бугун ҳам болалар ўртасида «ақл гимнастикаси»га қизиқиш катта. Уларнинг бу иштиёқини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида Марҳамат туманида ҳам мажмуа бунёд этилди. Эркин Воҳидов номидаги ушбу мактабда ўқувчилар дарсдан бўш вақтларида ақл машқидан сабоқ олади. Уларнинг маҳоратни ошириш учун тажрибали мураббийлар жалб қилинган. Ўқув-машғулот хоналари ва мусобақа зали мавжуд. Компютерлашган илғор дастурлар ёшларга манзур бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу ерда сабоқ олаётган ўғил-қизларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаб, эзгу тилаклар билдирди. Бу муассасани бошқа шахмат мактаблари билан боғлаб, тажриба алмашиб бориш муҳимлигини таъкидлади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Ушбу мактабга туташ Ёшлар кутубхонаси ҳам қурилган. У кенг ва шинам, бир вақтда 150 дан ортиқ китобхон мутолаа қилиши мумкин. Кутубхона 30 минг нусхадан зиёд адабиётга эга, қатор ахборот марказлари тармоғига уланган. Шулар боис ёшларнинг севимли масканига, интеллектуал ўйинлар, ижодий учрашувлар, китоб тақдимотлари ўтказиладиган қайноқ даргоҳга айланган.
Президент шу ерда андижонлик ёшлар билан мулоқот қилди.
«Биз иқтисодиётимизни ривожлантириб, аҳоли жон бошига даромадларни ошириш, иш жойларини кўпайтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Андижонда ҳам катта режаларимиз бор. Бунда аввало сизларга таянамиз. Ҳар бир билимли ёш - ватан ҳимоячиси», - деди Шавкат Мирзиёев.
Таълим тизимидаги янгиликлар, ёш авлодга яратилаётган шароитлар, илмий-ижтимоий лойиҳалар ҳақида сўз борди. Президент ёшлар билан янги ташаббуслар юзасидан фикрлашди. Шунингдек, уларнинг таклифларини қўллаб-қувватлаб, мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Мавзуга оид
11:22 / 02.05.2024
Президент: Жаҳонда инвесторлар учун мислсиз кураш кетяпти
21:36 / 01.05.2024
ЕТТБ Ўзбекистонда «яшил» шаҳарларни ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этади
09:04 / 30.04.2024
Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар миллий жамоасини табриклади
19:48 / 29.04.2024