Ўзбекистон | 15:56 / 17.02.2024
8696
2 дақиқада ўқилади

Божхона постида Ўзбекистонга тўппонча олиб ўтмоқчи бўлганлар ушланди

Иккита ҳолатда пневматик тўппончалар ва уларнинг 1,5 минг донадан ошиқ ўқини олиб киришга уринишган.

Фото: Божхона қўмитаси

Қорақалпоғистондаги “Довуд-ота” чегара божхона постига Россиядан Lada Largus машинасида кириб келган фуқаронинг қўл юклари ва багажи божхона назоратидан ўтказилганида, фуқаро пневматик тўппончани олиб келаётгани аниқланган. Бу ҳақда республика божхона бошқармаси хабар бермоқда.

Божхона назорати давомида фуқарога тегишли сумка ичидан декларацияда кўрсатилмаган, божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган, тегишли рухсатномаларга эга бўлмаган 4.5 миллиметрли Stalker пневматик тўппонча, 25 дона газбаллони (пневматик тўппонча учун) ҳамда 1 482 дона пневматик тўппонча ўқи борлиги аниқланган.

Бошқа бир ҳолатда “Довуд-ота” чегара божхона постига Lacetti машинасида кириб келган фуқаро назоратдан ўтказилганида “Ansar BRT 9 mm” шовқинли тўппонча ҳамда 36 дона “9 ммли Р.А.К” номли резина учли патронни Ўзбекистонга олиб ўтаётгани аниқланган.

Маълумот учун, Ўзбекистонга пневматик қуролларни олиб кириш ИИВ томонидан бериладиган рухсатномалар асосида амалга оширилади. Рухсатномага эга бўлмаган ҳар қандай қуролни божхона чегаралари орқали олиб ўтишга уриниш жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Мавзуга оид