Жаҳон | 11:27 / 20.02.2024
3950
3 дақиқада ўқилади

NBC: АҚШ Киевга янги ATACMS ракеталарини етказиб беришга тайёрланмоқда

Агар Конгрессдаги республикачилар Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишга тўсқинлик қилишда давом этса, Оқ уй Киевни ATACMS ракеталари билан таъминлаш учун иттифоқчиларидан бирига мурожаат қилиши мумкин, деб хабар бермоқда телеканал. 

Фото: John Hamilton / White Sands Missile Range Public Affairs file

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Украинани узоқ масофага учувчи замонавий ракеталар билан таъминлаш устида ишламоқда, деб ёзди Американинг NBC News телеканали 19 феврал, душанба куни ўз сайтида номи ошкор этилмаган икки америкалик расмийга таяниб. 

2023 йилнинг кузида Қўшма Штатлар Украинага ATACMS ракета тизимларини етказиб беришни бошлади, аммо ҳозиргача булар ўрта масофага эга бўлган нисбатан замонавий бўлмаган моделлар эди, дея эслайди журналистлар. Эндиликда, телеканал суҳбатдошлари айтганидек, Вашингтон Украинага «Россия назоратидаги Қрим яриморолида узоқ масофали зарбалар бериш» имконини яратадиган узоқ масофали ракеталарни етказиб бериши мумкин.

13 феврал куни АҚШ Сенати Украина, Исроил ва Тайванга 95,3 миллиард долларлик ёрдам пакетини маъқуллади. Шу билан бирга, Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон унинг депутатлари катта эҳтимол билан ушбу қонун лойиҳасини рад этишини айтди, чунки ҳужжатнинг амалдаги таҳририда АҚШ Конгресси қуйи палатасида ҳукмронлик қиладиган Республикачилар партияси сўраган нарса - АҚШ жанубий чегарасида назоратни кучайтириш харажатлари мавжуд эмас.

ATACMS тизимлари Украинага кейинги ёрдам пакетига киритилиши мумкин 

Мудофаа расмийларининг NBC News телеканалига айтишича, Қўшма Штатларда ATACMS тизимлари чекланган ва у ўз захирасини тўлдирмасдан туриб уларни Украинага беғараз юбориши даргумон. Шу билан бирга, агар Конгресс Украинага ёрдам бериш учун қўшимча маблағ ажратишни маъқулласа, узоқ масофага учувчи ATACMS ракеталари ушбу маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган биринчи ҳарбий ёрдам пакетларидан бирига киритилиши мумкин, деди манбалар телеканалга. Агар маблағ маъқулланса, Қўшма Штатлар Украинага зудлик билан жўнатиш учун ҳам артиллерия, ҳам ўқ-дориларга эга, дея қўшимча қилди расмийлар. 

Улар Вашингтон ўз иттифоқчиларидан Украинага ракеталарни ўтказиш ва захираларини тўлдиришни сўраши мумкинлигини истисно қилмади. Оқ уй бу бўйича изоҳ бермади. Пентагон матбуот котиби бу борадаги баёнотида шундай деди: «Қўшимча қонун лойиҳаси (молиялаштириш тўғрисида) қабул қилинмасдан туриб, бизда ҳозирда Украина учун хавфсизлик бўйича ёрдам пакети йўқ. Шу билан бирга, мен келажакдаги пакетларнинг мазмуни борасида тахмин қила олмайман».

Аввалроқ Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба журналистларга 17 феврал куни Мюнхен хавфсизлик конференциясида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашув чоғида «ATACMS фойдасига баҳслашишга кўп вақт сарфлаганини» айтганди. Кулебанинг аниқлик киритишича, Украинага 300 км масофага эга ушбу комплекснинг модели керак, унинг ёрдами билан Украина қуролли кучлари фронт чизиғидан анча орқада жойлашган Россия армиясининг логистика ва таъминот занжирларини йўқ қилиши мумкин. 

Мавзуга оид