Жаҳон | 10:32 / 21.02.2024
5521
4 дақиқада ўқилади

Гуржистон РФга қарши санкциялар жорий этиш ниятида эмас

Гуржистоннинг янги бош вазири Брюсселга биринчи ташрифи чоғида Европа Иттифоқига номзод мақомига қарамай, Россия Федерациясига нисбатан ҳозирги йўналишни давом эттиришини маълум қилди. Брюссел Тбилисидан ташқи сиёсий курслар яқинлашишини кутмоқда.

Фото: Getty images

Гуржистон Европа Иттифоқига қўшилиш учун номзод мақомига эга бўлишига қарамай, Россияга нисбатан жазо чораларини жорий этиш ниятида эмас. Бу ҳақда Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе 20 феврал, сешанба куни Европа Иттифоқи-Гуржистон ассоциацияси кенгаши йиғилиши якунида Брюсселда Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийлари билан қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди

«Санкциялар бўйича сиёсатимизга келсак, биз жуда аниқ позицияни эгаллаймиз: санкциялар қўлламаймиз ва бу борада жуда кучли далилларимиз бор. Шу билан бирга, Гуржистон санкцияларни четлаб ўтишга одатланмаган, шунинг учун қатъий сиёсат юритамиз ва шу йўналишда давом этамиз», — деди Гуржистон ҳукумати раҳбари. Шу билан бирга, у Тбилиси Киевни «гуржи ва украин халқлари ўртасидаги ўзига хос дўстлик туфайли» фаол қўллаб-қувватлашига ишонтирди. 

Кобахидзенинг Украина Гуржистонда «иккинчи фронт» очиш нияти ҳақидаги баёнотлари ҳақидаги саволга бош вазир шундай жавоб берди: «Афсуски, Украина ҳукуматининг юқори мартабали амалдорлари – Хавфсизлик кенгаши котиби томонидан иккинчи фронтга оид бир қанча баёнотлар бўлди. Бу жуда афсусланарли». У яна Тбилиси Киевга кўрсатаётган «кучли гуманитар ёрдам» ва Украина халқига нисбатан «қатъий позицияси»га ишора қилди. 

Боррел: ЕИга номзод мақоми янги даражадаги ҳаракатларни талаб қилади 

Шу билан бирга, Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизмати раҳбари Жозеп Боррел «иккинчи фронт» ҳақида сўралганда, буни ҳеч ким жиддий қабул қилмайди, деб жавоб берди. «Мен Украинадан ҳам, бошқа бировдан ҳам бу борада ҳеч қандай чақириқларни кўрмаяпман», деди у. Боррелнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи икки давлат ўртасидаги муносабатлар энг яхши тарзда ривожланишини таъминлашдан манфаатдор, чунки бунинг акси Россия учун фойдали бўлар эди. «Мен Украина томонига Гуржистоннинг энг яхши муносабатларни сақлаб қолиш нияти ҳақида хабарларни етказиш учун ҳамма нарсани қиламан», деб ишонтирди дипломат. 

Унинг таъкидлашича, Гуржистонга 2023 йил декабрида берилган номзод давлат мақоми янги даражадаги саъй-ҳаракатларни талаб қилади. Европа Иттифоқи умумий қадриятлар ва тамойилларга асосланади, улар «биз ўта мураккаб ва ҳатто хавфли геосиёсий контекстда яшаётганимиз учун тобора муҳим аҳамият касб этмоқда», деб қўшимча қилди Боррел. 

«Биз ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати соҳасидаги қарорларимиз йўналишидаги ўсишни - кичик, аммо ўсишни қайд этяпмиз. Келгуси йилларда бу мослашув сезиларли даражада ошишини кутмоқдамиз», - дея хулоса қилди Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича олий вакили. Европа Иттифоқи аллақачон Россияга қарши 12 та санкция пакетини жорий қилган ва 2024 йил 24 февралда Украинага кенг кўламли ҳужумнинг фожиали 2 йиллиги муносабати билан ўн учинчисини жорий этишга тайёрланмоқда. 

Айни пайтда Брюссел хавфсизлик ва мудофаа соҳасида Европа тинчлик жамғармасидан Тбилисига ёрдамни ошириш ниятида, деди Боррел. Энди унинг суммаси 63 миллион еврони ташкил этади. У, шунингдек, Гуржистоннинг Европа Иттифоқи фуқаролик ҳимояси механизмига қўшилиш ҳақидаги сўрови 2024 йил охиригача қаноатлантирилишига ваъда берди. 

Бу Европа Иттифоқи-Гуржистон ассоциацияси кенгашининг саккизинчи йиғилиши ва Гуржистон учун номзод мақомидаги биринчи йиғилиш, шунингдек, бош вазир Кобахидзенинг Брюсселга биринчи расмий ташрифи бўлди. Европа Иттифоқи уни ислоҳотларни, жумладан, ассоциация келишуви доирасида амалга оширишни тезлаштиришга ва Европа комиссиясининг Европа интеграцияси йўлидаги тавсияларида назарда тутилган тўққиз қадамни бажаришга чақирди. 

Мавзуга оид