Интеллектуал мулк ҳуқуқи ЖСТ талабларига мослаштириляпти. Нималар ўзгарди?
Ўзбекистонда 5 та қонун Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мувофиқлаштирилди. Ўзгаришларнинг катта қисми интеллектуал мулк соҳасига тааллуқли. Хусусан, Ўзбекистон фуқаролари ва норезидентлар учун патент божи тенглаштирилди. Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов нималар ўзгаргани ҳақида кенгроқ маълумот берди.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Унга кўра, 5 та қонун ЖСТ битимларига уйғунлаштирилди. Киритилган ўзгаришлар интеллектуал мулк, реклама ва дори воситалари бўйича қонунчиликни қамраб олади.
Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов интеллектуал мулк қонунчилигида нималар ўзгарганини шарҳлаб берди.
Резидент ва норезидентлар учун патент божи бирхиллаштирилди
— Миллий интеллектуал мулк тизимини ЖСТ интеллектуал мулк ҳуқуқининг савдо билан боғлиқ масалаларини тартибга солувчи битими бор – Трипс дейилади. Ушбу битим талабларига мувофиқлаштириш бўйича бир қатор ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бутун дунёда ишлар ва хизматлар савдосида биринчи навбатда яратилган ихтиролар, уларга патентлар бошқа давлатларда ҳимоялангани муҳим ҳисобланади. Ўша ривожланган давлатлар томонидан ҳар қандай муносабатга киришилганда асосий талаблардан бири ҳисобланади. ЖСТ доирасида ҳам бу масала муҳим. 1994 йил 15 апрелда Марокашда ЖСТ давлатлари иштирокидаги халқаро конференцияда ушбу битим қабул қилинган ва у интеллектуал мулк билан боғлиқ масалаларни тартибга солувчи асосий ҳужжат ҳисобланади.
Давлат божи тўғрисидаги қонунда резидент ва норезидентлар учун патент божи ўртасида кескин фарқ бор эди, яъни масалан миллий резидентлар томонидан патент олиш учун, ихтирони давлат рўйхатидан ўтказиш, экспертизадан ўтказиб тегишли гувоҳномани олиш учун БҲМнинг 1 баробари миқдорида давлат божи тўланарди. Хорижий резидентлар учун Ўзбекистонда ўзининг ихтиросини рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлайдиган гувоҳнома учун берадиган аризага БҲМнинг 17 баробари миқдорида бож ундирардик. Бу ўз навбатида чет эллик ихтиро эгаларининг Ўзбекистонда ўзининг патентини рўйхатдан ўтказишга қизиқишини камайтирарди. Бошқа давлатларда ихтиросини давлат рўйхатидан ўтказиб, Ўзбекистонда ижросини таъминлаш борасида талабнома киритарди. Шу масалани ўрганиб чиқдик. Ўзаро тенг режимни яратиш мақсадида давлат божи ставкалари бирхиллаштирилмоқда.
Ихтиродан патент эгасининг рухсатисиз фойдаланганда, унинг ҳуқуқлари кафолатланади
— Ҳукумат томонидан патент эгасининг рухсатисиз фойдаланишга рухсат бериш мумкин бўлган ҳолатларнинг аниқ рўйхати белгиланмоқда. Ҳукумат бу рўйхатни белгилаб берса, ихтиро эгасининг ҳуқуқи қандай таъминланади, деган савол туғилади. Бир нарсага эътибор қаратишингизни хоҳлайман, қонунда белгиланган асосларга кўра бировнинг патент ҳуқуқидан фойдалансак ҳам унга товон пули тўлаб берилиши назарда тутиляпти.
Ўзга шахсга тегишли бўлган саноат мулки объектидан жамоат эҳтиёжлари учун фойдаланиш зарурияти бор. Патент ҳуқуқи бундай ҳуқуқни бермаган. Бунда суд орқали саноат мулки объектидан фойдаланишга ариза бериш мумкин бўлган ҳолатлар белгиланяпти. Жаҳон савдо ташкилоти битимида ҳам, халқаро конвенцияларда ҳам бу бор. Жамоат эҳтиёжлари учун ундан фойдаланиш мумкин. Бунда суд қарор чиқарган патент эгасининг ҳуқуқларини кафолатлаш учун товон тўлаш мажбуриятини белгилайди.
Бундан ташқари, қонунда яна қуйидаги ўзгаришлар назарда тутиляпти:
- инсофсиз рақобат оқибатида рўйхатга олинган товар белгилари мавжуд, уларни бекор қилиш бўйича судларга даъво аризаларини киритишда даъво муддати бекор қилиняпти;
- ихтиро ва фойдали моделларни давлат рўйхатидан ўтказишда II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга белгиланган патент божининг 90 фоизи, таълим олувчи шахсларга, илмий ва илмий-педагогик ходимларга 30 фоизи, юридик шахс бўлган кичик тадбиркорлик субъектларига, давлат аккредитациясидан ўтган таълим ташкилотларига ва илмий ташкилотларга 25 фоизи миқдорида имтиёзлар берилмоқда;
- оригинал дори воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, хусусан, дори воситасини яратиш жараёнида ўтказиладиган тадқиқотлар натижасида олинадиган клиник олди ва клиник синовлар натижаларини ҳимоя қилиш чоралари белгиланмоқда;
- саноат мулки объектларидан табиий офатлар, ҳалокатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолатларда фойдаланилган ҳолатларда ҳам ҳуқуқ эгасига белгиланган миқдорда товон пули тўланишини кўзда тутувчи қоидалар киритилди.
Мавзуга оид
14:35 / 04.11.2024
АҚШ Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлади
20:26 / 09.10.2024
“ЖСТга аъзоликдан кейин йирик корхоналарга 2-3 йиллик ўтиш даври берилади” – Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари
11:52 / 14.09.2024
Саида Мирзиёева: «Оиладаги зўравонликларга қарши кураш бўйича мамлакатимиз минтақада етакчига айланганидан фахрланаман»
08:14 / 14.09.2024