Иқтисодиёт | 10:19 / 22.02.2024
10087
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4 млрд доллардан ошди

Қозоғистоннинг «Казинформ» халқаро ахборот агентлиги Ўзбекистонга бағишланган туркум мақолаларни эълон қилди.

«Дунё» хабарига кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо иқтисодий алоқаларга бағишланган мақолада 2023 йилда икки давлатнинг ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4 миллиард доллардан ошгани қайд этилган.

«Ўтган йил якунларига кўра, Қозоғистон Ўзбекистоннинг учта асосий ташқи савдо ҳамкорларидан бири бўлди, - дейилади мақолада. - Бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг 198 та давлати билан савдо алоқаларини олиб бормоқда. 2023 йилнинг январ-декабр ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 62,6 миллиард долларни ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23,9 фоизга ўсди».

«Казинформ» тарқатган маълумотларга кўра, Хитой савдо айланмаси 13,7 миллиард доллар билан (умумий кўрсаткичнинг 21,9 фоизи) мамлакатнинг асосий савдо шериги бўлиб қолмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича иккинчи ўринда - 9,88 миллиард (15,8 фоиз). Кучли учликни Қозоғистон якунлаган – 4,39 миллиард (7 фоиз).

Қайд этилишича, ўзаро товар айирбошлаш таркибида Ўзбекистон Қозоғистонга 1 372,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган, импорт эса 3 026,4 миллион долларни ташкил қилган.

«Казинформ» ўз ўқувчилари эътиборига Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида очилган янги лойиҳалар ҳақида ахборот материалини ҳам тақдим қилган. «Ўзбекистонда тиббиёт сифатини ошириш мақсадида «Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» ташкил этилади, - деб ёзади портал. - Соғлиқни сақлаш вазирлиги таркибида давлат органи шаклида «Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» лойиҳа офисини ташкил этиш таклиф этилмоқда».

Таъкидланишича, марказ давлат тиббий суғуртаси тизимини тўлиқ жорий этиш ҳамда давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори-дармонлар тўпламини жорий этиш, тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлигини назорат қилиш тизимини кучайтириш каби йўналишлар бўйича масъул этиб белгиланган.

Мавзуга оид