Жаҳон | 21:23 / 22.02.2024
5270
3 дақиқада ўқилади

Халқаро ҳуқуқшунослар гуруҳи Россия активларининг мусодара қилиниши қонунийлигини тан олди

Россиянинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида тўғридан-тўғри келиб чиқадиган зарарни қоплаш учун Россия давлат активларини бериш халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузмаслиги таъкидланмоқда. 

Фото: Bloomberg

Турли мамлакатлардан келган ўн нафар ҳуқуқшунос гуруҳи Россиянинг музлатилган давлат активларини Украинага бериш учун мусодара қилиниши халқаро ҳуқуққа зид эмаслигини тан олди. Bloomberg томонидан кўриб чиқилган экспертлар хулосаси G7 мамлакатлари расмийларига юборилган. 

Унда айтилишича, «Россиянинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида тўғридан-тўғри келиб чиқадиган зарарни қоплаш учун Россия давлат активларини бериш халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузмайди». Хулоса Белгия, Франция, Германия, Япония, Нидерландия, АҚШ ва Буюк Британиядан келган ҳуқуқшунослар томонидан тузилган. 

Мутахассислар музлатилган активлар билан ишлаш схемасини ҳам тавсия қилган. Улар Россия активлари блокланган давлатларга уларни ўз юрисдикцияси остидаги халқаро механизмга ўтказишни маслаҳат беради. Ундан маблағлар кейинчалик Украинани қайта тиклаш дастурларига ўтказилиши мумкин. 

Bloomberg нашрининг ёзишича, Буюк Британия ва АҚШ G7 давлатларини Россиянинг барча активларини мусодара қилишга чақирмоқда. Блокнинг европалик аъзолари, айниқса Франция ва Германия бунга қарши, чунки улар «хавфли прецедент» яратишни истамайди ва евро учун салбий оқибатларидан ҳам қўрқади. 

12 феврал куни ЕИ Кенгаши келажакда Россиянинг Европада музлатиб қўйилган активларидан олинган даромадларни Украинани тиклаш учун ишлатишга рухсат берувчи резолюцияни маъқуллади. Кенгаш қарорига кўра, Россия Марказий банкининг 1 миллион евро ва ундан ортиқ миқдоридаги активлари жойлашган марказий депозитарийлар улардан олинган даромадларни алоҳида ҳисобга олиши ва сақлаши керак. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен шу ҳафтада Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган активларидан олинган фоиз даромадларидан Украинани қўллаб-қувватлаш учун фойдаланишни тез орада қонунийлаштиради, деди. 

Еврокомиссия маълумотларига кўра, Россиянинг 269 миллиард евродан ортиқ активлари G7 мамлакатлари, ЕИ ва Австралияда музлатилган, шундан 200 миллиард евро Европа Иттифоқида, асосан Белгияда. 

2023 йил декабрида Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия активларини ноқонуний олиб қўйиш мавзуси Москва учун номақбул эканини таъкидлади. Кейин у Ғарбнинг ҳаракатлари бутун халқаро молия тизимига жиддий зарба бериши мумкинлигини айтди. «Европаликлар ва америкаликлар жуда яхши тушунишади: бу ташаббускор ва амалга оширганлар учун қонуний оқибатларга олиб келади», деди у.

Мавзуга оид