ОАВ: Навалний колониясида маҳбус қийноққа солиниши оқибатида вафот этган
Алексей Навалний вафот этган ИК-3 ходимлари аввалроқ яна бир маҳбусни қийноққа солиб, унинг ўлимини ўз жонига қасд қилиш ҳолати сифатида кўрсатган, деб ёзади «Холод» манбаларга таяниб.
Мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалний ноаниқ шароитда вафот этган Ямал-Ненец автоном округидаги 3-сонли ахлоқ тузатиш колониясида 2022 йил июл ойида маҳбуслардан бири қийноққа солиниши оқибатида вафот этган, унинг ўлими ўз жонига қасд қилиш ҳолати сифатида кўрсатилган. Бу ҳақда «Холод» интернет нашри манбаларга таяниб хабар берди.
Тахминларга кўра, ўлдирилган маҳбус 43 ёшли Баҳромбек Шарифов бўлиб, у Тожикистондан гиёҳванд моддалар олиб ўтиш мақсадида гуруҳ ташкил қилгани учун 25 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган эди. «Унга уч қаватли махсус кийим, қалин бош кийим, кийдириб, кўзини боғлаб қўйишди. Уни бир нечта матраслардан ясалган чойшабга ўраб, устини скотч билан боғлашди - ва ўша ерда ётқизиб қўйишди», деб ёзади «Холод» икки собиқ маҳбус ва иш билан таниш суҳбатдошга таяниб. Натижада Шарифов бўғилиб қолган.
Шундан сўнг, колония ходимлари қийноққа солишда қўлланган воситаларни йўқ қилиб, маҳбус ўзини осиб қўйганини билдирган, дея давом этади нашр. Бироқ, марҳум жасадини ёриб кўриш ўз жонига қасд қилиш версиясини рад этди. Шарифовнинг ўлими бўйича ИК-3нинг беш нафар ходимига ўлимга олиб келган оғир тан жароҳати етказиш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилди. Улардан бири сўнгги модда бўйича судланиб бўлди.
Ушбу колонияда вафот этган яна икки собиқ маҳбуснинг қариндошлари «Холод»га улар ўлими сабаблари ва шароитлари ҳақида айтилмаганини билдирди. Улардан бирининг оиласига қутб ортидаги ИК-3дан жасадни олиб чиқиш учун 24 соат вақт берилди. Қариндошлар бунга улгурмагани учун эркак фамилиясиз, рақам остида дафн этилган.
Навалнийнинг онасидан ўғлини яширин дафн этиш талаб қилинмоқда
Алексей Навалнийнинг онаси Людмила 22 феврал куни терговчилар унга ўғли жасадини кўрсатгани, лекин жасадни бермагани ва хайрлашиш маросимисиз, яширин дафн маросимига рози бўлиш билан таҳдид қилишганини айтди. «Кўзларимга қараб, агар яширин дафн маросимига рози бўлмасам, ўғлимнинг жасади билан нимадир қилиб юборишади, дейишди. Терговчи Виропаев менга очиқчасига «вақт сиз томонда эмас, тана чирияпти» деди. Ўғлим жасадини зудлик билан менга қайтариб беришларини талаб қиляпман», - деди сиёсатчининг онаси.
ФСИН Навалнийнинг колонияда вафот этганини 16 феврал куни эълон қилди. Марҳум мухолифатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш сўзларига кўра, Навалний онасига кўрсатилган ўлим ҳақидаги тиббий хулосада унинг ўлими сабаблари табиий экани айтилган. Сиёсатчининг ўлими сабаблари ҳақида ҳозирча расмий баёнотлар йўқ.
Мавзуга оид
14:10 / 14.10.2024
Жаҳон ОАВ Навалнийнинг хотираларидан парчаларни чоп этди
13:10 / 05.10.2024
«Досье»: Навалний қўлини теккизган ҳамма нарса колониядан олиб чиқиб кетилди
23:25 / 03.10.2024
Тинчлик бўйича Нобел мукофотига 280 дан ортиқ номзод илгари сурилди. Улар орасида Навалний ҳам бор
10:45 / 30.09.2024