Жамият | 19:41 / 25.02.2024
35213
9 дақиқада ўқилади

“Муҳими қўрқмаслик керак” – Европанинг 2-рақамли махсус клиникасида ишлаётган ўзбек ҳамшираси

Германияда барча тиббиёт ходимлари лавозимидан қатъий назар тенгдир. “Сен шифокорсан, сен ҳамширасан” – деб ажратилмайди. Тизим тўлиқ рақамлаштирилган, умуман қоғоз, “ручка”ни кўрмайсиз – дейди ангренлик Дилнура Бердиева. 4 ойдан буён Европанинг энг яхши униклиникумида ишлаётган ҳамюртимиз турмуш ўртоғи ва фарзандларини ҳам олиб келиш ҳаракатида. 

Дилнура Бердиева Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида туғилган, оилали, 3 нафар фарзанднинг онаси. У Тошкент тиббиёт академиясида бакалавриат ва магистратурани тамомлаб, 10 йил давомида Ангрен шаҳридаги туғуруқхонада ҳамшира лавозимида ишлаган. Қаҳрамонимиз 2023 йил сентябрь ойида Швейцариянинг тиббиёт соҳасидаги компанияси томонидан эълон қилинган дастур асосида Германиянинг Аачен шаҳрига ишлагани кетган.

«Европага кетиш мен учун катта имконият эди»

Ҳар доим менга ҳамширалик қизиқ бўлган. Энг катта орзуларимдан бири Европа давлатларида ҳамширалик касби, фаолияти билан танишиш эди. 2021 йил апрел ойида Ўзбекистон Ташқи миграция агентлиги томонидан Германиядаги униклиникумларга Ўзбекистондан ҳамширалар ишга жалб қилинаётгани ҳақида хабар берилди.

Бу мен учун катта имконият эди ва шуни ушлаб қолишга ҳаракат қилдим. Ўрганиб чиқдим, Швейцариядаги бир компания, Ўзбекистон Ташқи миграция агентлиги, Германиянинг Аачен шаҳридаги униклиникум билан ҳамкорликда бўлаётган экан. Германияда «уни» сўзи асосан «университет» маъносида қўлланилади, бу униклиникумни ўрганиб чиқдим, бу клиника Европада 2-ўринда туради, ихтисослаштирилган марказ ва катта масштабга эга экан. Бу ерда ўз касбий малакамни янада оширишим, чет тилларини ўрганишим, бу ернинг маданиятини ўрганиш имконига эга бўлдим. Кейин дастур ташаббускорлари томонидан уюштирилган суҳбатларда қатнашиб, жараёнлардан муваффақиятли ўтдим.

Германияга кетиш жараёнида ўзига яраша талаблар бор эди. Яъни номзод 39 ёшдан ошмаган, камида 2 йиллик иш тажрибаси, тиббиёт ходими бўлиши, Б2 сертификатига эга бўлиши керак. 2 марта суҳбат бўлди, биринчиси ҳамкор Швейцария компанияси томонидан Тошкент шаҳрида савол-жавоб ўтказилган, унда чет элга чиқиш мақсадимиз, тиббиётга оид саволлар сўралган. Иккинчи суҳбатга эса униклиникумдан келишган, клиниканинг махсус интеграцион дастур ходимлари келиб, индивидуал суҳбатдан ўтказишган.

Суҳбатлар муваффақиятли ўтгач Ташқи миграция агентлиги ва Швейцария компанияси томонидан Сергели туманида алоҳида жой ажратилиб, [суҳбатдан ўтган] номзодлар учун ҳамма шароитлар яратилиб, бир йил давомида бепул немис тили ўргатилди, ётоқхона ҳам ажратилди. Бир йилдан сўнг Б2 сертификатига эга бўлдим.

Хоҳиш кучли бўлиши керак, чунки кўп номзодлар анча қийналишди.

Ҳужжатларга келсак, асосийлари коллеж ёки олий таълим муассасаси дипломи, фуқаролик паспорти керак бўлади. Виза олиш жараёнлари ва бошқа ҳужжат ишлари Ташқи миграция агентлиги томонидан амалга оширилди. Б2 сертификатини олгач, оиламиз ёнига қайтдик ва ҳужжат ишлари тугашини кутдик. Ўзимнинг визам 5 ойдан сўнг чиқди ва сентябрь ойи охирида Германияга келдик.

«Германияда ишга таклиф қилинаётган одамга дастлаб тил ўргатилади»

Ҳаммаси шартномада кўрсатилади. Сиз бу лойиҳага қатнашишингиздан бошлаб то кутиб олиш, жойлаштиришгача ўзлари назорат қилиб, ёрдам беришади. Униклиникумга келишимиз билан бизни илиқлик билан кутиб олишди, Ўзбекистон билан биринчи марта шартнома тузишлари экан, ўзбекистонлик ҳамшираларни биринчи маротаба кўриб турганлари учун, бу уларга ҳам янгилик бўлди. Бир ой давомида интеграцион дастурда бўлдик. Шу вақт давомида униклиникумдаги иш жараёнлари, тартиб-қоидалар билан таништиришди.

Тизимлар компьютерлаштирилгани учун компьютер билан ишлаш ҳам ўргатилди, немис тилини билиш даражамиз яна бир текширилди. Интеграцион дастурдан сўнг бизни илгари Ўзбекистонда қайси йўналишда ишлаган бўлсак, шу бўйича ишларга қўйишди. Мен 2 ой давомида операцион гинекология бўлимида ишладим. Бу ерда германиялик ҳамширалар билан тенг ҳуқуқли бўлиш учун тан олинишдан ўтиш керак бўлади. Бу тан олиниш ишлаган соатларга қараб берилади, агар иш соати етмаса, бошқа униклиникумларда тўлдириш керак бўлади.

Мен ҳам етмаган соатларни тўлдириш учун қарияларга, ногиронларга хизмат кўрсатадиган марказнинг даволаш бўлишимида бир ой ишладим, поликлиникада ҳам бир ой малака оширдим. Куни кеча эса тан олиниш суҳбатидан муваффақиятли ўтдим. Бу суҳбат имтиҳон кўринишида ўтади, унда сиз иш жараёнида ўрганган билим, кўникмаларингиздан келиб чиқиб, жавоб беришингизга тўғри келади.

Энди янгидан шартнома қилинса, мен оила аъзоларимни ҳам таклиф қилишим мумкин бўлади. Фарзандларим келиб, шу ердаги мактабда ўқишади. Турмуш ўртоғимга ҳам иш излаяпмиз, кўп соҳаларда бўш иш ўринлари бор экан. Лекин Б1 сертификати талаб қилинади. Германияда ҳар бир ишга таклиф қилинаётган одамга дастлаб тил ўргатилар экан. Виза олиш учун ҳам камида Б1 сертификати бўлиши керак, лекин бу ердан турмуш ўртоғимни таклиф қилсам, виза учун А1 сертификати ҳам етарли бўлади, фарзандларимдан эса тил билиш сўралмайди. Лекин ўзлари учун тил ўрганиб келганлари маъқул. Чунки фарзандим бу ерга келиб немис мактабларида ўқишларига ва турмуш ўртоғим ҳам тил билишига тўғри келади.

«Амалиёт жараёни бўлса ҳам, ўқиш бўлса ҳам, ҳақ тўланади»

Интергацион дастурни бошлаган кунимиздан бошлаб бизна иш куни сифатида ойлик тўланяпти, бу ҳам шартномада кўрсатилган, амалиёт жараёни бўлса ҳам, ўқиш бўлса ҳам, ҳақ тўланади. Шартнома бўйича 2400 евро, суғурта, солиқлар чегириб қолинганда 1700-1800 евро қолади. Униклиникумга тегишли ётоқхонага жойлашдик биз, ҳар бир кишига хона берилган, шароитлар яхши. Ётоқхонага 300 евро тўланади ойига. Бундан ташқари, жамоат транспорти учун 49 евродан олинади ойига. Кундалик эҳтиёжларга 200 евро атрофида кетади, ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Тан олиш суҳбатидан ўтдик, энди ойликларимиз ошади, бошқатдан шартнома қилиниб, германиялик ҳамширалар билан тенг ҳуқуқлилик берилади, маошлар ҳам шунга кўра бўлади.

«Тиббиёт ходимлари ўртасида нотенглик йўқ»

Интернетдаги турли рекламаларга учиб ҳар хил компаниялар орқали Германияга келиб кўп хатоликларга йўл қўйётган юртдошларимиз ҳам бор. Шунинг учун Ташқи миграция агентлигига мурожаат қилишса, тўғри маслаҳат беришади.

Биринчи ўринда ҳавоси ёқди. Қандай савол берсангиз ҳам, эринмасдан тушунтириб жавоб беришлари ёқди, вақт адратишади, юз буриб кетиш йўқ. Инсон қадри жуда баланд. Тиббиёт ходимлари ўртасида нотенглик йўқ, парвариш билан боғлиқ асосий ишларни ҳамширалар бажаради. ёки оддий ходим деб ажратиш йўқ, барча тиббиёт ходими сифатида тенг ҳуқуқли. Асосий ишларни ҳамширалар бажаради бу ерда. Ҳамширалар учун алоҳида катта хоналар қилинган, барча шароитлари бор. Яна бир эътиборли томони, ҳамширалар ҳам, шифокорлар ҳам тинимсиз ўз устида ишлашади. Бирор хатога йўл қўйишса, буни айтишдан уялишмайли ва ўша хатоларни тўғрилашга ҳаракат қилишади. Катта шифокорлардан тортиб кичик тиббий ходимларгача бирга ўтириб овқатланишади, бир зил шароитда ишлашади. Ўзаро ҳурмат, қадр-қиммат баланд.

“[Хориж мамлакатга] ким келмоқчи бўлса, қўрқмаслиги керак»

Бошида турмуш ўртоғим қарши бўлдилар. Кўпчилик иш қидириб келишади четга. Шахсан менда бундай қизиқиш бўлмаган асосийси, чунки Ўзбекистонда эримнинг хам, ўзимнинг ҳам ишим яхши эди, фарзандларим ҳам яхши мактабда ўқишарди. Асосий мақсадим европалик ҳамкасбларим фаолиятини кўриш эди. Ўзбекистондаги ҳамширалар ривожланган давлатларда малака оширишларини истардим. Бир-икки ой бўлса ҳам малака оширишим кера деб юрардим. Бу имконият пайдо бўлгач турмуш ўртоғимга ётиғи билан тушунтирдим. Тил ўрганаман, жараён кетади, сиз қўллаб туринг, дедим. Тўғри тушундилар.

Ватан соғинчи бор. Ҳозир ҳар куни 2-3 маҳал видеоқўнғироқ орқали гаплашиб турибмиз. Фарзандларимга ҳам мотивация бериб тураман, немис тилини яхши ўрганишларини айтаман. Оила аъзоларим қачон келаркан деб қўрқишган, кўп вақт бўлиб кетади деб. Лекин декабрь ойида кўриб келдим оиламни. Йил охирида 8 кунлик таътил беришди, бизда Ўзбекистонда 11 ойдан кейин таътилга чиқиш мумкин, адашмасам. Энди март ойида яна боришни режалаштиряпман Ўзбекистонга, оилам билан келиш учун керакли ҳужжатларни хам тайёрлайман.

Ким келмоқчи бўлса, қўрқмаслиги керак. Агар Ўзбекистонлик ҳамширалар ишласа, беморлар ҳам хурсанд бўлади. Чунки Ўзбекистонликлар виждонан ишлайди, деб эътироф этишади улар ҳам. Ўзимни хам хурсанд бўлиб кутиб олишади, мамнун эканини айтишади.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади,
Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид