Ўзбекистон | 14:02 / 27.02.2024
2271
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 6 та трансчегаравий муҳофаза ҳудуди барпо этилиши мумкин

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Жаҳон банкининг Атроф-муҳит, табиий ресурслар бўйича глобал директори Валери Ҳиски билан учрашди.

Фото: gov.uz

Учрашувда барқарор яшил иқлим борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Валери Ҳиски Жаҳон банки илк маротаба кўчиб юрувчи турларни муҳофаза қилишга бағишланган конвенцияда иштирок этаётганлигини ва Самарқандга келганидан мамнунлигини билдирди. Шунингдек, Ўзбекистонда ёввойи ҳайвонларнинг йўқолиб кетаётган турларини қайта тиклаш борасида муҳим ишлар қилинаётганини таъкидлади.

Шу билан бирга, учрашувда чиқиндиларни бошқариш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар алоҳида қайд этилди. «Ўзбекистонда чиқиндиларни бошқариш соҳасига катта эътибор қаратиляпти. Бу эса мақсадларимиз муштарак эканлигини англатади, - деди Валери Ҳиски. - Бундан ташқари, қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш ва уларни саралаш, соҳадаги тадбиркорлар ва ишчиларнинг ҳам давлат томонидан қўллаб-қувватланиши бизни Ўзбекистон билан ҳамкорликдан хурсанд қилади».

Учрашув давомида 6 та трансчегаравий муҳофаза қилинадиган ҳудудларни барпо этишга қаратилган лойиҳа муҳокама қилинди. Бу лойиҳа ноёб турдаги ҳайвонларни қўриқлаш, асраш билан бирга экотуризмни ривожлантиришга ҳам катта ҳисса қўшади. Якунда чиқинди соҳасида етакчи компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш, соҳага Жаҳон банки томонидан инвестицияларни олиб кириш ҳамда грантлар ажратилиши борасида ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Мавзуга оид