Жаҳон | 11:44 / 01.03.2024
4756
2 дақиқада ўқилади

G20 вазирлар учрашуви якуний баёнотсиз якунланди

Сан-Паулуда G20 мамлакатлари молия вазирликлари ва марказий банклари раҳбарларига Украина ва Ғазо секторидаги урушлар бўйича келишмовчиликлар якуний коммюнике қабул этилишига тўсқинлик қилди. 

Фото: Reuters

20 та етакчи саноат ва ривожланаётган мамлакат молия вазирлари ва марказий банклари раҳбарлари Сан-Паулудаги йиғилишда қўшма якуний баёнот бўйича келиша олмади. Бунинг ўрнига G20’га раислик қилаётган Бразилия 29 феврал, пайшанба куни ўз хулосасини эълон қилди

«Вазирлар жаҳон иқтисодиёти истиқболларини муҳокама қилар экан, Украина ва Ғазога эътибор қаратиб, ҳозирги урушлар, можаролар ва гуманитар инқирозлар бўйича фикр алмашди. Бразилия раислиги молиявий трек - геосиёсий муаммоларни ҳал қилиш учун мос форум эмаслигини таъкидлади ҳамда бу масалаларни тегишли форум ва йиғилишларда муҳокама қилишда давом этишни таклиф этди», — дейилади резюменинг асосий матнига изоҳда. Бразилия молия вазири Фернандо Аддаднинг сўзларига кўра, якуний ҳужжат матни бўйича унинг геосиёсий таркибий қисми келишмовчиликлар туфайли келишилмади.

Германия геосиёсий можароларни тилга олди

Германия молия вазири Кристиан Линднер аввалроқ 28-29 феврал кунлари бўлиб ўтган учрашув якунлари бўйича қўшма коммюникеда геосиёсий можаролар, хусусан, Украинадаги уруш, ҲАМАС ва Ғазо секторидаги гуманитар вазият тилга олинмаса, уни қўллаб-қувватламаслигини таъкидлаган эди.

«Биз бу масалалардан қочишга қаршимиз. Гарчи марказий банклар ва молия вазирлари бўлсак ҳам, мамлакатларимиз қадриятларини ифодалаймиз ва қоидаларга асосланган халқаро тартибни ҳимоя қилишимиз керак», деди Линднер журналистларга.

Бразилия G20 йиғилишига мезбон сифатида фақат иқтисодий сиёсат масалаларига эътибор қаратган ҳолда геосиёсий инқирозлар ҳақидаги парчаларни чиқариб ташламоқчи эди, дея таъкидлайди dpa агентлиги.

Мавзуга оид