Ўзбекистон | 22:38 / 01.03.2024
6898
2 дақиқада ўқилади

Сенат раиси Жиззах вилоятининг ривожланиш тенденциялари билан танишди 

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов, Зомин, Дўстлик туманлари ҳамда Жиззах шаҳрида бўлди. 

Фото: senat.uz

Ташриф доирасида у Шароф Рашидов тумани, «Жиззах» эркин иқтисодий зонасидаги енгил автомобиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод фаолияти билан танишди. У ерда ишчилар учун муносиб меҳнат шароитлари яратилганлигига, уларга меҳнатига яраша муносиб иш ҳақи тўланаётганига алоҳида эътибор қаратилди. 

Кейинги манзил тумандаги «Оқтош» маҳалласида бунёд этилаётган «Янги Ўзбекистон» массиви бўлди. Бу ерда қурилиш ишлари ҳолати, уларнинг белгиланган стандарт талаблар асосида қурилаётгани, фармонда кўзда тутилган вазифалар ижросига эътибор қаратилди. 

Зомин туманига ташриф давомида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Зомин «Мурувват» ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйидаги шарт-шароитларни ўрганди. Аёлларга яратилган шароитлар билан танишиб, шифокорлар ва беморлар билан суҳбат қурди. 

Шундай сўнг, Зомин туманида туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўлами, замонавий туризм инфратузилмаси, меҳмонхоналар ва сайёҳларга яратилган шароитлар билан танишилди. 

Ташриф доирасида Дўстлик туманида ташкил этилган Микросаноат ва хизмат кўрсатиш маркази фаолияти билан яқиндан танишилди. Бугунги кунда ушбу марказда 10 та тадбиркорлик субъекти 82 та лойиҳани амалга оширмоқда. 

Сенат раиси вилоятда киберспорт турининг ривожи, яратилаётган янги имкониятлар, хусусан, Жиззах шаҳрида барпо этилган киберспорт аренаси билан танишди. 

Жиззах олимпия захиралари коллежида вилоят велоспортчилари билан учрашиб, велосипед спорти федерациясига DAMAS автомашинаси ҳамда 10 та махсус велосипедлар учун сертификат топширди. 

Сенат Кенгашининг Жиззах вилоятида ўтказилган сайёр мажлисида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар танқидий кўриб чиқилди, вазирлик, идоралар, ҳудуд ижро органлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди ва тегишли чоралар  кўриш бўйича таклифлар билдирилди.

Мавзуга оид