Байден G7 давлатлари Россия активларидан фойдаланиш бўйича қарор қабул қилишини кутмоқда
АҚШ президенти «катта еттилик» давлатлари Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш бўйича июн ойида Италияда бўлиб ўтадиган G7 саммитида қарор қабул қилишига умид билдирмоқда, деб ёзади Bloomberg.
АҚШ президенти Жо Байден G7 мамлакатлари 2024 йил июн ойида Италияда бўлиб ўтадиган «катта еттилик» саммитида Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш бўйича қарор қабул қилишини кутмоқда. Бу ҳақда 1 март, жума куни Bloomberg ўз манбаларига таяниб ёзмоқда.
Нашр ёзишича, Оқ уй раҳбари Россия Марказий банкининг музлатиб қўйилган активларидан Украина бюджетини молиялаштириш ва кейинчалик Украинани тиклаш учун фойдаланишга умид қилмоқда. Шу билан бирга, Байден музлатилган маблағлардан бу мақсадларда фойдаланиш Украинага қўшимча ёрдам беришдан бош тортишни англатиши мумкинлигига ишонмаяпти.
«Катта еттилик»да бу масалада келишмовчиликлар мавжуд
Bloomberg агентлиги ёзишича, АҚШдан ташқари Британия ва Канаданинг G7’даги вакиллари Россия музлатилган маблағларини мусодара қилиш керак, деб ҳисоблайди. Бироқ Франция ва Германия мусодарага қарши. Улар Россия Федерациясининг жавоб чоралари ва Европа иқтисодиёти молиявий барқарорлиги, жумладан, евро захира валютаси мақомига салбий таъсирдан қўрқади, дея қайд этади нашр. Бу масала июн ойидаги саммитда ҳал қилинади.
Шу билан бирга, «катта еттилик»нинг барча мамлакатлари расмийлари, агар Россия «Украинани тиклашда ёрдам қилишга ваъда бермаса», музлатиб қўйилган активларидан фойдаланиш имкони берилмаслигига рози.
ЕИ кенгаши РФ музлатилган активларидан олинган фойдадан фойдаланишга рухсат берди
12 феврал куни Европа Иттифоқи кенгаши Россия Марказий банкининг музлатилган активларидан олинган фойдадан Украина учун фойдаланишга ҳуқуқий асос яратувчи резолюцияни тасдиқлади. Ҳужжатда Европа Иттифоқи чеклов чоралари туфайли музлатилган Россия Федерацияси Марказий банкининг активлари ва захираларига эгалик қилувчи қимматли қоғозлар марказий депозитарийлари мажбуриятлари аниқлаштирилган.
Россия ҳарбийларининг Украинага ҳужумидан кейин Брюссел аллақачон Москвага қарши 13 та санкция пакетини жорий қилган. Еврокомиссия маълумотларига кўра, Европа Иттифоқидаги чекловлар доирасида Россия Федерацияси Марказий банкининг 210 миллиард еврога яқин активлари, жумладан, нақд пул ва давлат облигациялари кўринишида блокланган.
2023 йил декабр ойи охирида Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков РФнинг музлатилган активларини мусодара этиш «жиддий оқибатларга олиб келиши» билан таҳдид қилди. Унинг сўзларига кўра, Россия бу ҳолатда Ғарбнинг мамлакатда сақланаётган мавжуд маблағларини мусодара қилиш орқали жавоб қайтаради. Bloomberg агентлигига кўра, Россия ҳукумати G7 давлатлари Марказий банкнинг музлатилган активларини мусодара қилган тақдирда суд жараёнларига тайёргарлик кўрмоқда.
Мавзуга оид
08:19
Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга кўндирмоқчи
20:42 / 09.11.2024
Оқ уй Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Украинага ҳарбий ёрдам юборишни тезлаштирди
08:31 / 08.11.2024
Байден ҳокимиятни тинч йўл билан Трампга топширишга ваъда берди
01:11 / 07.11.2024