Жаҳон | 13:50 / 11.03.2024
6840
2 дақиқада ўқилади

Петербург яқинида дрон уриб туширилди ва кучли ёнғин чиқди

Ленинград вилоятигача етиб борган учувчисиз учоқ туфайли Пулково аэропортида «Ковер» режаси жорий этилди. Аэропорт яқинидаги саноат ҳудудида кучли ёнғин 1000 квадрат метр майдонни қамраб олди.

Фото: Wolfgang Schwan/AA/picture alliance

Ленинград ва Новгород вилоятлари расмийлари 10 март, якшанба куни уриб туширилган учувчисиз учоқлар ҳақида хабар берди. Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденконинг сўзларига кўра, Тосненский туманидаги Форносово қишлоғи яқинида уриб туширилган учувчисиз учоқ туфайли «ҳаво маконини ёпиш режими» жорий қилинган. Ленинград вилояти ҳудудида учувчисиз учоқ йўқ қилингани ҳақидаги маълумотни Россия Мудофаа вазирлиги ҳам тасдиқлаган. 

Жорий қилинган «Ковер» режаси туфайли Пулково аэропорти тахминан бир ярим соат давомида рейсларни қабул қилмади ёки қўйиб юбормади. Федерал ҳаво транспорти агентлиги маълумотларига кўра, учта самолёт захирадаги аэродромларга йўналтирилган. 

Baza Telegram-канали «Ковер» режасини жорий этишга Санкт-Петербургдаги корхоналардан бирига дрон ёрдамида ҳужум қилишга уриниш сабаб бўлганини кўрсатмоқда. «ВЧК-ОГПУ» каналининг ёзишича, ҳужум нишони йирик нефт корхонаси бўлган, учта дрон Санкт-Петербургга учган: улардан иккитаси Новгород вилояти узра уриб туширилган, бири Ленинград вилоятигача етиб борган. 

Ёнғиндан тутун бутун Петербург бўйлаб кўринди 

Айни пайтда, маҳаллий оммавий ахборот воситалари аэропорт фаолиятининг чекланишини Волхонское шоссеси ҳудудида, Горелово минтақавий саноат зонасида содир бўлган кучли ёнғин билан боғламоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, 1000 квадрат метр майдондаги ёнғин оқибатида икки киши жабрланган. Унинг сабаби аниқлаштирилмаган. 

«Фонтанка» нашрининг ёзишича, мебел ишлаб чиқариш ангаридаги ёнғиндан чиққан қора тутунни Санкт-Петербургнинг деярли барча туманлари аҳолиси кўрган. 

Пулково аэропорти фаолияти охирги марта 2 март куни чекланган, ўшанда ҳам ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари самолёт типидаги учувчисиз учиш аппаратини йўқ қилгани ҳақида хабар берилган эди. 

Мавзуга оид