Жаҳон | 15:10 / 11.03.2024
6113
3 дақиқада ўқилади

Полша Рим папасининг Украина ҳақидаги сўзларини танқид қилди

Агар Путин Украинадан армияни олиб чиқишга журъат этса, дарҳол тинчликка эришилади, деди Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский.

Фото: DW

Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский Рим папаси Францискнинг Россиянинг Украинага қарши икки йилдан ортиқ давом этган урушидан сўнг «оқ байроқ кўтариш жасорати» ҳақидаги баёнотига изоҳ берди. 

«Путинни Украинадан армияни олиб чиқиб кетиш учун жасоратга чақиришга қарши мувозанатни сақлашга нима дейсиз? Тинчлик музокараларсиз дарҳол келган бўларди», деб ёзган Сикорский 10 март, якшанба куни X платформасида. 

У бир кун аввал Швейцариянинг RSI телерадиокомпаниясига берган интервюсида понтификнинг катта резонансга сабаб бўлган сўзларига шундай муносабат билдирди. «Вазиятни кўрган, халқни ўйлайдиган, оқ байроқ кўрсатиб, музокаралар олиб боришга журъат этган киши кучлироқ, деб ҳисоблайман», деди Франциск. Кейинроқ Ватикан тушунтиришича, папа Украинанинг таслим бўлишини назарда тутмаган, балки музокаралар ўтказиш ва ўт очишни тўхтатишга чақирган. 

Украина юнон-католик черкови раҳбари: Таслим бўлиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган 

Ню-Йоркда сафарда бўлган Украина юнон-католик черкови олий архиепископи Святослав Шевчук Рим папаси Франциск интервюсидан сўнг шундай деди: «Украина яраланган, аммо забт этилмаган... Ишонинг, таслим бўлиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган, ҳатто бугун жанглар кетаётган жойда ҳам - Херсон, Запорижжя, Одесса, Харкивда. Чунки биз биламиз: Украина қисман бўлса ҳам эгаллаб олинса, ўлим чегараси кенгаяди».

Шевчук ўз нутқида Рим папасини тилга олмади, лекин «Украинанинг омон қолиши мумкинлигига шубҳа билан қарайдиган» барчани мамлакатга келишга ва у ерда нималар бўлаётганини кўришга чақирди. «Ким Украина ғалабасига ишонмаса, иқрор бўлсин», - дея қўшимча қилди у. 

Рим папаси Украина бўйича музокаралар зарурлиги ҳақида 

RSI журналисти Лоренцо Буччелланинг Рим папасига берган саволи қуйидагича шакллантирилди: «Украинада таслим бўлишга, оқ байроқни кўрсатишга жасорат кераклиги ҳақида гапираётганлар бор, аммо бошқалар бу кўпроқ кучга эга бўлганга қонунийлик беради, демоқда. Бу ҳақда қандай фикрдасиз?» 

Францискнинг жавоби шундай бўлди: «Бу талқин. Лекин мен ишонаманки, вазиятни кўрган, халқни ўйлайдиган, оқ байроқ кўрсатишга, музокара қилишга журъат этган киши кучлироқдир. Бугун халқаро кучларнинг ёрдами билан музокаралар олиб бориш мумкин. «Музокаралар сўзи - жасур сўз. Йўқотаётганларингизни, ишлар яхши кетмаётганини кўрсангиз, музокара қилишга журъатингиз бўлиши керак. Уяласиз, лекин бу қанча ўлим билан тугайди? Ўз вақтида музокаралар олиб боринг, воситачи давлат қидиринг. Бугун, масалан, Украинадаги урушда воситачи бўлишни хоҳловчилар кўп. Туркия бунинг учун ўзини таклиф қилди. Ва бошқалар. Вазият ёмонлашмагунча музокара ўтказишга улгуришдан уялиш керак эмас».

Мавзуга оид