Ўзбекистон | 18:24 / 11.03.2024
3046
2 дақиқада ўқилади

Сенат барча ҳудудларга скрининг учун реактивлар етказиб берилишини ўз назоратига олди

Олий Мажлис Сенати аъзолари Сирдарё вилоятида скрининг текширувлари билан боғлиқ муаммоларни аниқлади. 

Хусусан, перинатал скрининг хоналар ва штат бирликлари мавжуд бўлса-да, Гулистон ва Ховос тумани ҳамда Ширин шаҳрида ултратовуш текшируви перинатолог мутахассислар йўқлиги учун скрининг текширувлари ўтказилмаяпти. Шунингдек, марказда ўтказилиши лозим бўлган скрининг текширувлари, хусусан, ирсий генетик хромосомаларни аниқлайдиган реактивлар йўқлиги сабабли 5 ойдан буён тўхтаб қолган. Айниқса, чақалоқларда ўтказиладиган ирсий генетик касалликлар, айнан фенилкетонурия, туғма гипотериоз касалликларини аниқлайдиган реактивлар мавжуд эмас. 

Ушбу масала Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан назоратга олиниб, ҳолат юзасидан ўрганишлар ўтказилди. 

Маълум бўлишича, скрининг текширувлар, хусусан, ирсий генетик хромосомаларни аниқлайдиган реактивлар билан таъминлаш бўйича 60 млрд сўм маблағ 2023 йил октябр ойида ажратилган. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва хорижий компания ўртасида 2023 йил 25 мартда 2,4 млн долларлик реактивлар, реагентлар ва сарфловчи материалларни харид қилиш бўйича импорт шартномаси тузилган. Етказиб бериш муддати 2024 йил 28 мартга қадар этиб белгиланган. 

Шартнома бўйича фақат 791 минг доллар ёки 10,1 млрд сўмлик реактивлар, реагентлар ва сарфловчи материаллар 2023 йил июл ойида Республика «Она ва бола» скрининг маркази ва унинг филиалларига тарқатилган. 

Бироқ етказиб берилган реагент ва сарфловчи материаллар 2023 йил сентябр ойи якунига қадар скрининг текширувлари эҳтиёжини қоплаган. Шундан сўнг Сирдарё вилоятида ҳам скрининг марказларини реактивлар билан таъминлашда узилишлар юзага келган. 

Қўмита нафақат Сирдарё вилояти туманлари балки, мамлакатимизнинг барча ҳудудларига скрининг ўтказишда фойдаланиладиган реактивлар етказиб берилишини ўз назоратига олди.

Мавзуга оид