Жаҳон | 12:59 / 12.03.2024
8191
9 дақиқада ўқилади

АҚШ Ғазода порт қурмоқчи. Бу фаластинликларга ёрдамми ёки Исроилга?

Ғазо халқи учун бемисл кулфатларнинг 6-ойи бошланди. Ҳатто Рамазон ойи ҳам қамални юмшатиш ва оташкесим учун сабаб бўлолмаяпти. Исроил блокадани давом эттираркан, АҚШ гуманитар ёрдам етказиш учун Ғазо соҳилларида кўчма порт қуришини эълон қилди.

Хўш, бу лойиҳага Исроил ва халқаро ҳамжамиятнинг муносабати қандай бўлади? “Геосиёсат” мавзу юзасидан саволлар билан Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Шавкат Икромовга юзланди.

АҚШнинг Ғазо соҳилларида вақтинчалик порт қуриш қарорини Исроилнинг анклавга ёрдамни тўсиб қўйиш сиёсатига қандай муносабат сифатида қабул қилиш керак?

— Ғазо – Исроил ичида жойлашган анклав ҳудуд, фақатгина жанубда 12 км узунликда Миср билан чегарадош. Ғазога кириб чиқиш учун 3 та йўлак бор ҳозир: жанубда Миср томондан Рафақ ўтиш йўлаги ва 2 та Исроил томондаги йўлак. Лекин айни пайтда бу 3 йўлак ҳам тўла қувват билан ишламайди.

Ғазонинг 40 километрли Ўртаер билан қирғоқ чегараси ҳам бор. Кўчма порт айни мана шу қирғоқ чегарада қурилиши режалаштириляпти, бу қирғоқлар нисбатан Кипрга яқин жойлашган. Бу қирғоқ чегараси ҳам 2009 йилдан бери Исроил томонидан назорат қилинади.

Байденнинг кўчма порт қилиш қарорини камида 3 та ракурсда таҳлил қилиш мумкин. Биринчиси, АҚШнинг ўзидаги ички сиёсий вазият билан боғлаб таҳлил қилиш мумкин. АҚШ Исроилни қўллаётган давлат сифатида Исроилнинг Ғазодаги барча жиноятларига тенг шерик сифатида кўрсатилмоқда. Бу эса АҚШ аҳолисининг катта қисмида ҳукуматга нисбатан норозиликни вужудга келтирган. Демократлар ичидаги гуруҳлар ҳам Байден маъмуриятини чора кўрмаётганликда айблаяпти, республикачилар эса Байден ҳукуматини қаттиқ сиқувга олган. АҚШда сайлов яқинлашяпти, сайлов компаниялар қаттиқ ишлаяпти, мана шундай пайтда Байден томонидан тактик юриш деб баҳолаш мумкин бўлади.

Ғазодаги ҳолат логистик эмас, сиёсий муаммо, деяпти таҳлилчилар. Сиёсий муаммо дейдиган бўлсак, Байден маъмурияти Исроилни кўндириши мумкин эди, лекин бундай қилолгани йўқ ҳали.

Иккинчиси — уруш фонида Байден режасини таҳлил қилсак. Уруш бошлангандан бери Байден маъмурияти Исроилни тинч аҳоли қурбон бўлишининг олдини олиш учун самарали чоралар кўрмаётганликда айблаяпти, охирги вақтлар қаттиқ танқидий руҳда янграяпти бу. Яқинда 112 нафар тинч аҳоли ўлимига сабаб бўлган “ун қирғини” бу нотани янада оширди, яъни ҳуманитар ёрдамни олаётган тинч аҳолига исроилликлар ҳужум қилгани айтилмоқда, ҳозир текшириляпти бу. Умуман, Исроилнинг ҳуманитар ёрдамни тўсиб қўйгани вазиятни оғирлаштиряпти. Байден маъмурияти эса қуруқликдаги йўлакларни очиш бўйича Исроил билан келишолмаяпти.

Учинчи томони эса халқаро босим масаласи. Яъни АҚШнинг ҳамкорлари бугун ундан норози эканини очиқ билдиряпти. Қурбонларнинг ошиб бораётгани, ҳуманитар инқироз кучаяётгани сабаб Европа халқи ҳам ҳукуматларга нисбатан норозилик билдиряпти, араб давлатларида ҳам ҳукуматга нисбатан норозилик ўсиб боряпти. Европаликлар ҳам, араб давлатлари ҳам АҚШдан нимадир қилишни талаб қиляпти. Мана шу нуқтаи назардан нимадир қилаётганини кўрсатиш учун ҳам шу режани амалга оширяпти дейиш ҳам мумкин.

Яна бир хавотирли тахмин ҳам бор, буни бир қанча экспертлар ҳам айтяпти. Бу иш орқали Исроилга Ғазода ҲАМАСга қарши уруш кенглигини яратиб беряпти. Яъни ҳуманитар ёрдам боради, гўёки очарчилик олди олинади, лекин ичкарида уруш ҳаракатлари давом этаверади, деган қарашлар бор.

Нима бўлганда ҳам, бу режа қуруқликдаги йўлакларга алтернатив эмас. Европадаги ва араб давлатларидаги таҳлилчилар ҳам айтяптики: бу порт яхши лойиҳа, лекин кўп вақт ва маблағ талаб қилади, бундан кўра қуруқликдаги йўлакларни очишга кўндириш тўғри бўларди, дейишяпти. АҚШ ўз қудрати ва Исроилнинг яқин ҳомий ҳамкори бўлса ҳам, унга бу борада гапи ўтмаётгани, энди ундан ҳафсаласи пир бўлгани, танқид қилаётганини шу йўл билан ички ва халқаро жамоатчиликка кўрсатяпти, дейиш ҳам мумкин. Яқинда Қоҳирада Рамазон ойи муносабати билан 6 ҳафталик сулҳга эришмоқчи бўлди Миср, Қатар, АҚШ, лекин бу амалга ошмади. Икки томон ҳам бир-бирининг шартларини қабул қилмади. Бу вазиятда Нетаняҳудан ҳафсаласи пир бўлганини очиқ айтди Байден.

Бу порт бўйича ҲАМАС қандай позицияда?

— Ҳозирча ҲАМАС ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ. Лекин Пентагон агар ҲАМАС Ғазо халқи учун курашаётган бўлса, порт лойиҳасини қўллаб, ҳамкорлик ҳам қилади, деб ҳисоблашини билдирган. Лекин Исроилни қўлловчи Европадаги баъзи гуруҳлар бу порт келажакда ҲАМАС ҳаракатлари учун бўлади, деган хавотирни ҳам билдиради. Бундан ташқари, ҲАМАС порт қуриш давомида АҚШликларга ҳужум қилиши мумкин, деган хавотирлар ҳам бор, лекин ҲАМАС ғазоликлар учун курашаётган бўлса, бундай қилмайди.

АҚШ Ғазода қурилаётган портни хавфсизлик ва логистик жиҳатдан қандай таъминлайди?

— Байден бу қарорни эълон қилгач, Пентагон шарҳ бериб ўтди, чунки қуриш ишлари Пентагонга юклатилган. 60 кун, яъни 2 ой вақт керак бўлади, дейилди. Қурилишга мингдан ортиқ АҚШ аскарлари жалб этилади. Таҳлилчилар 60 кун ҳам дейишяпти.

Умуман, бу лойиҳа мутлақо янги лойиҳа эмас. 2000 йилларда ҳам бундай порт қуриш масаласи кўтарилиб, қурилиш бошланганди, лекин Исроилнинг қаршилиги сабаб тўхтатилганди. 2023 йил ноябрь ойида АҚШ ва Европа давлатлари тинчлик ўрнатиш бўйича музокаралар бошлаган пайтда Кипр томонидан шундай таклиф берилганди. Кипр ЕИ ичидаги Яқин Шарққа энг яқин давлатлардан бири, хусусан, Ғазога. Байденнинг бу режасини Европа ОАВлари Кипр ташаббуси сифатида ёритяпти. Кипр таклифига кўра, Кипрдаги портда юклар йиғилади ва Исроил томонидан текширилади, кераксиз деб топилган юклар олиб ташланади, АҚШ кемалари кузатиб боради юкларни. Лекин юклар етиб боргач, нима бўлиши ҳақида аниқ режалар айтилгани йўқ. Бундан ташқари, порт айнан қаерда қурилиши бўйича ҳам маълумотлар йўқ. Етиб борган юк қандай тарқатилади, қандай ҳимоя қилинади — номаълум, Байден бирорта АҚШ аскари Ғазо ҳудудига оёқ қўймайди, фақат юкни етказади, деди. Ҳамкорлар иштирок этиши айтилган, булар Исроил ёки араб давлатлари бўлиши мумкин. Ёки хусусий компаниялар жалб қилиниши ҳам мумкин.

Бу жараёнга Исроил қаршилик қиладими, агар шундай бўлса қандай услубда?

— Байден бу режани эълон қилмасдан олдин бу ҳақида хабарлар пайдо бўлганда Исроил бу режани қабул қилган эди, Байден эълон қилгач ҳам қўллашини айтган. Негаки, бундай вазиятда Исроилга уруш учун шароит пайдо бўлади. Порт қуришга 2 ой вақт кетади, Исроил эса вақтни чўзмоқчи имкон қадар. Исроилга кўпроқ вақт ва аҳолини, халқаро ҳамжамиятни чалғитадиган тактик қарорлар керак.

Шу вақт давомида бошқа давлатлар кутиб турадими, реал ҳаракатлар бўлмайдими?

— Араб давлатлари ҳам, Туркия, Эрон ҳам кутиб туради. Нега араб давлатлари аралашмаяпти, деган маънодаги саволларга бир хил жавоб бўлади доим: араб давлатлари ўз манфаатларини мустақил тарзда ҳимоя қилолмайди.

Охирги таҳлилларга кўра, Исроил жуда фаол тарзда урушга АҚШ ва Эронни тўғридан тўғри жалб қилиш устида ишлаяпти. Аслида Эрон ва АҚШ билвосита иштирокчи, Исроил эса бевосита урушга олиб кирмоқчи. Агар шундай бўлса, биринчи катта зарбани Форс кўрфази араб давлатлари ва Ироқ қабул қилади. Чунки бу давлатларда АҚШнинг минтақадаги ҳарбий базалари жойлашган ва улар Эроннинг нишонига айланади. Масалан, Қатардаги АҚШнинг минтақадаги энг катта базасига ҳужум қилинади, бу эса кичкинагина Қатарга катта муаммолар олиб келади. Кўрфаз араб давлатлари катта иқтисодий лойиҳалар устида ишлашяпти, шунинг учун улар урушнинг мавжуд доирадан ташқарига чиқиб кетишини исташмайди.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид