Ўзбекистон | 16:36 / 12.03.2024
5822
2 дақиқада ўқилади

Сенат раиси Ню-Йоркда Швейцария президенти билан музокара ўтказди

Сенат раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси БМТ Аёллар ҳолати бўйича комиссиясининг 68-сессиясида иштирок этиш учун Ню-Йорк шаҳрида бўлиб турибди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Ташриф доирасида Т.Норбоева Швейцария конфедерацияси президенти Виола Амерд билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон ва Швейцария ҳамкорлигини изчил кенгайтириш, шу жумладан сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, сармоявий ва технологик соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. 

Айни пайтда Швейцария билан автомобилсозлик, тўқимачилик, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, чорвачилик, инфратузилма соҳаларида 19 та қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда. Учрашув давомида мазкур кўрсаткични бир неча баробар ошириш учун иккала давлатда ҳам катта салоҳият ва кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Ўзаро муносабатларда парламентлараро алоқаларнинг муҳимлигидан келиб чиқиб, мазкур йўналишдаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, ихтисослаштирилган қўмиталар даражасида алоқаларни фаоллаштириш, икки давлат парламентларида дўстлик гуруҳларини ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, учрашув давомида қатор соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан амалий таклифлар ҳам илгари сурилди. Хусусан, гендер тенглик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, мазкур йўналишда ўзаро тажриба алмашиш муҳимлиги қайд этилди.

Орол денгизи минтақасидаги вазиятни яхшилаш юзасидан ижтимоий аҳамиятга молик дастурларни амалга оширишда молиявий ва техник ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам томонларнинг диққат марказида бўлди.

Мавзуга оид