Қўйлиқ улгуржи бозори фаолияти тугатилгани эълон қилинди
2024 йил бошида бозор реконструкцияга ёпилгани ҳақида хабар берилган эди.
“Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори” АЖ (Қўйлиқ улгуржи бозори номи билан танилган) фаолияти расман тугатилди. Корпоратив ахборотлар ягона порталига кўра, жамият акциядорларининг умумий йиғилиши 29 феврал куни шундай қарорни қабул қилган.
АЖ расмий сайтига 1 март куни жойланган ахборотга кўра, жамият ҳудудида тадбиркорлар фаолияти 5 январдан бошлаб тугатилган.
“Шу ўтган икки ой давомида бозор фаолиятини қай тартибда давом эттириш, таъмирлаш, реконструкция қилиш бўйича бирор бир расмий ёки норасмий маълумотлар бугунги кунда мавжуд эмаслиги, бозор фаолияти икки ойдан буён тўхтаб турган бўлса-да ер солиғи, мулк солиғи ҳисобланиши давом этиб турганлиги, бу ҳолат давом этса жамиятнинг молиявий аҳволи қийинлашиб қолиши кутилиши сабабли жамиятни юридик шахс сифатида ихтиёрий тугатиш мақсадга мувофиқ деб топилган”, – дейилади акциядорлар қарорида.
Таъкидланишича, агар зарурият юзага келганда, давлат идоралари ёки бошқа тегишли ташкилотлар томонидан таклифлар билдирилса, жамият фаолиятини тугатиш ишларини тўхтатиб, тиклаш имконияти мавжуд
Хусусан, ҳудуддан самарали фойдаланиш бўйича таклифларга асосан, “аҳолига манфаатли бўлган бирор йўналишда ҳудудда бирор самарали фаолият тури ташкил этилиши мумкинлиги” қайд этилган.
Ҳужжатга кўра, АЖ акцияларининг 93,2 фоизи Тошкент шаҳар ҳокимлиги, қолган 6,8 фоизи меҳнат жамоасига тегишли. Ликвидация ҳақидаги қарорни қабул қилишда кворум 94,33 фоиз бўлган.
Тугатилаётган бозор бўйича мурожаатлар бу ҳақда эълон қилинганидан бошлаб икки ой давомида қабул қилинади.
2024 йил январида Тошкент шаҳри ҳокимлиги Қўйлиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозорида реконструкция ишлари бошланиши (бу Қўйлиқ савдо марказига тааллуқли эмас) ҳақида хабар берган эди.
Ҳокимлик хабарида айтилгандики, “бозорга келтирилаётган маҳсулотлар бозор ҳудудига сиғмай, атрофидаги ҳудудларда, шу жумладан Чирчиқ канали бўйида тартибсиз савдо амалга оширилмоқда, автомобил йўлларнинг тирбандлигига асосий сабаб бўлмоқда ва аҳолига жиддий ноқулайликлар яратмоқда”.
Реконструкция даврида тадбиркорларга фаолиятини Food City, Tashkent Index ва бошқа савдо мажмуаларида давом эттириш таклиф қилинган эди.
- Маълумот учун, ликвидация ҳақидаги қарор “Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори” АЖ (улгуржи бозор) томонидан қабул қилинган бўлиб, унга ёндош Қўйлиқ савдо маркази (чакана савдо ҳам амалга оширилади) бошқа бир юридик шахс – “Қўйлиқ деҳқон бозори” АЖга тегишли.
Мавзуга оид
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
20:44 / 06.11.2024