Купянск атрофидаги жанглар ва Белгород ўққа тутилиши оқибатлари. Уруш суратлари
Украинадаги урушнинг 750-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- РФ мудофаа вазирлиги ва Росгвардия Белгород ва Курск областларининг Украина билан чегарадош ҳудудларида диверсантларга қарши жанглар ҳақида хабар берди.
- ФХХ Петербургда тўрт киши қўлга олинганини маълум қилди. Улар «фронтдаги россиялик ҳарбийларни заҳарлашга ва шаҳарда терактлар уюштиришга тайёрланиш»да гумонланмоқда.
- Украина қуролли кучлари Россия қўшини Украинага 36 дрон билан ҳужум қилгани, шундан 22 таси уриб туширилгани ҳақида хабар берди.
- Бош қўмондон Олександр Сирский Украина қуролли кучларида олдинги чизиқдаги ҳарбийларни ротация қилиш жараёни йўлга қўйилганини маълум қилди.
- Le Monde нашри тасдиқлашича, Франция 2023 йил ёзида Украинага ўз қўшинини юбориш имкониятларини кўриб чиқа бошлаган.
- Белгород области ўққа тутилиши оқибатида икки киши ҳалок бўлиб, камида 19 киши жароҳатланди.
Аннексия қилинган Донецкда Россия президентлиги сайловида овоз бериш
Россияда 15 март куни — уч кунлик президентлик сайловларининг биринчи куни. Россия ҳукумати аннексия қилинган ҳудудларда ҳам овоз бериш жараёнини йўлга қўйган, бу ҳудудларда сайлов участкаларига келмасдан муддатидан олдин овоз беришда қатнашиш мумкин эди. ДХР раҳбари Денис Пушилин ўзини ўзи эълон қилган республикадаги сайловчиларнинг ярмидан ортиғи муддатидан илгари овоз берганини маълум қилди. «Донбасс аҳолиси ўз танловини аллақачон амалга оширган ва ҳозирда буни яна бир бор тасдиқламоқда. Одамлар ўз мамлакати келажаги учун иштиёқ билан овоз беришади!» — дея ёзган у.
Россия марказий сайлов комиссияси президентлик сайловларидан олдин Украинанинг аннексия қилинган ҳудудларида 4,5 миллиондан ортиқ сайловчи борлигини маълум қилганди. Аммо «Важние истории» билан гаплашган россиялик демограф анонимлик шарти билан МСК келтирган рақамлар қарийб икки баробар ошириб кўрсатилганини айтган.
Белгород зарба остида
Белгород шаҳри ва Белгород области 14 март куни бир неча баробар артиллериядан ўққа тутилди. Шаҳарга самолёт типидаги дронлар ҳужум қилгани ва ракеталар тўхтатилгани хабар қилинган. Турар жой бинолари ва маъмурий бинолар, ўнлаб автомобиллар шикастланган. Белгород области раҳбари Вячеслав Гладков снаряд келиб тушган автомобилларда бўлган икки киши ҳалок бўлгани, камида 19 киши яралангани ҳақида хабар берган.
Купянск атрофидаги жанг майдонида россиялик аскарларнинг жасадлари
Харкив областининг Купянск районида украин мудофаа чизиқларидан бири жойлашган, у бошқа истеҳкомлар қатори танкка қарши ўралар, блиндажлар, «аждаҳо тишлари» типидаги тўсиқларни ҳам ўз ичига олади. РФ қўшини узоқ вақтдан буён ушбу йўналишда ҳужум қилишга, хусусан Синковка қишлоғи ва унга ёндош Купянск ўрмонини эгаллашга уринмоқда. Купянск атрофида мудофааланаётган украин бўлинмалари қаторида тоғ-ўрмонзор шароитида жанг қилишга ихтисослашган «Эделвейс» номли 10-алоҳида тоғ-штурм бригадаси ҳам бор. Қуйидаги дрон орқали олинган тасвирларда Синковкага навбатдаги ҳужум вақтида ҳалок бўлган россиялик аскарлар ва уларнинг жанг майдонида қолган техникалари акс этган.
Украинларнинг Авдийивка яқинидаги позициясида портламай қолган бомба
Россия қўшини февралда Донецк областининг Авдийивка шаҳрини эгаллади ва юриш қилишда давом этмоқда. 11 март куни Украина президенти Володимир Зеленский французларнинг BFM телеканалига берган интервюсида шарқдаги юришни тўхтатишга муваффақ бўлингани ва фронтнинг бу участкасидаги вазият «сўнгги уч ойликдагидан анча яхшироқлиги»ни айтди. Шу билан бирга, у агар Украина ғарблик иттифоқчилар ваъда қилган ҳарбий ёрдам, биринчи навбатда снарядлар етиб келмаса, барчаси ёмон томонга ўзгариши мумкинлигини қўшимча қилган. Россия қўшини эса украин позицияларини ўққа тутишда ўқ-дориларни аямаяпти.
Мавзуга оид
17:58
Британия ва Франция Байденни Украина Storm Shadow ракеталаридан фойдаланишига рухсат беришга кўндирмоқчи
09:00
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
08:19
Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга кўндирмоқчи
21:05 / 10.11.2024