Сурхондарёда солиқчи билан жанжаллашган сотувчи аёллар жаримага тортилди
Узун туманида солиқ инспекцияси ходими ва йўл четида салат сотадиган икки аёл ўртасида рўй берган жанжал видеоси тарқалди. Видеода солиқчи маҳсулотларни олиб қўйишга уринганида тоғорадаги салат тўкилиб кетгани, аёллардан бири унинг устига салат сувини сепгани кўринган. Узун тумани суди аёлларни маъмурий жавобгарликка тортди. Вилоятдаги солиқ ходимлари билан тушунтириш ишлари олиб борилди.
13 март куни интернетда Сурхондарё вилояти Узун тумани Баҳористон маҳалласида солиқ инспекцияси ходими ва сотувчи аёллар ўртасида жанжал юзага келгани акс этган видео тарқалди.
Видеода солиқ инспекцияси ходими икки сотувчидан салат солинган тоғорани тортиб олишга уринаётгани, улар қаршилик кўрсатгани, шу аснода тоғорадаги салат тўкилиб кетганини кўриш мумкин. Шундан кейин аёллардан бири ходимнинг устига салат сувини сепиб, “яшагани қўй, нимага сенларнинг дастингдан тинчлик йўқ”, дея бақирган.
Видео ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлгач, 13 март куни Сурхондарё вилояти солиқ бошқармаси муносабат билдириб, ҳолат назоратга олингани, хизмат ўрганиши тайинлаганини маълум қилди.
15 март куни бошқарма ўрганиш натижаларини маълум қилди. Унга кўра, воқеа 12 март куни Узун тумани солиқ инспекцияси ходимлари томонидан туманнинг Баҳористон маҳалласи ҳудудида савдо қилиш учун белгиланмаган жойларда ноқонуний фаолиятнинг олдини олишга қаратилган тадбир давомида содир бўлган.
“Тадбир давомида мутасаддилар томонидан кўп маротаба огоҳлантиришларга қарамай, қонунга зид ҳамда антисанитария ҳолатида савдо фаолиятини давом эттириб келаётган фуқаролар Ш.Т. ҳамда С.Т. солиқ инспекцияси ходими Ф.Эргашевнинг ноқонуний савдо фаолиятини расмийлаштириш талабига қаршилик кўрсатиб, жанжал кўтарган ва давлат хизматчисини обрўсизлантиришга ҳаракат қилган.
Ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Узун тумани судининг қарорига асосан Ш.Т. ҳамда С.Т.га нисбатан маъмурий тартибда чора кўрилгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, Сурхондарё вилояти солиқ ходимлари орасида йиғилиш ўтказилиб, ҳар бир ходим давлат хизматчисининг ички меҳнат тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилиши юзасидан огоҳлантирилди”, – дейилади расмий хабарда.
“Зўр ТВ” телеканалининг “Бу кун” репортажидан маълум бўлишича, суд икки фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси (Бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш)га асосан 3 БҲМ – 1 млн 20 минг миқдорида жарима жазосини тайинлаган.
Репортажда айтилишича, туманда очилган янги савдо марказида 500 дан ортиқ ўрин бор. Туман ҳокими сотувчилардан патта пули олинмаслиги, улар янги бозорда савдо қилиши мумкинлигини айтган.
Солиқчи ва сотувчи аёллар ўртасида жанжал келиб чиққан жой Узун туманидаги эски деҳқон бозори бўлиб, бу бир неча йиллардан бери аҳоли ва сотувчилар учун муаммоли масала бўлиб қоляпти. Бу борада Kun.uz 2022 йилда мақола эълон қилганди. Узун тумани марказидаги эски деҳқон ва буюм бозори бузилиб, янгиси шаҳарча четида барпо этилгач, у ерга харидорлар кўп ҳам бормаган. Савдогарлар эса эски бозор атрофига сочилиб, турли дўконларнинг олдидаги йўлларда, тротуарларда савдо қилишда давом этяпти.
Савдогарлар эски бозордан 1 км узоқда қурилган бозорга харидорлар ҳам, сотувчилар ҳам бормаслиги, расталар бўш турганига сабаб сифатида йўл узоқ экани, бозорга элтувчи транспорт инфратузилмаси йўқлигини айтишганди.
Мавзуга оид
17:13 / 01.11.2024
Президент бозорларда нархларни барқарорлаштириш бўйича тезкор чоралар кўришни буюрди
08:00 / 07.10.2024
Тошкентдаги Ибн Сино бозори биноси сотувга қўйилди
21:53 / 26.09.2024
Энг кўп солиқ ва божхона имтиёзини олган корхоналар маълум қилинди
08:50 / 20.09.2024