Жаҳон | 09:10 / 19.03.2024
9358
4 дақиқада ўқилади

ЕИ кенгаши: Украинага - 5 млрд евро, Россияга - Навалний туфайли санкциялар

ЕИ ташқи ишлар вазирлари Россиянинг музлатилган активларидан олинган даромадларни Украина фойдасига мусодара қилиш бўйича келишиб ололмади, чунки улар бундай қадамнинг ҳуқуқий жиҳатларини батафсил ўрганмоқчи. 

Фото: Alexandros Michailidis/European Union

18 март, душанба куни Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишининг иккита муҳим қарори Европа тинчлик жамғармаси доирасида Украинага ҳарбий ёрдам учун қўшимча беш миллиард евро ажратиш, шунингдек, россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийнинг ўлими учун Россия Федерациясига қарши санкциялар қўллаш бўйича келишув бўлди

«Биз Алексей Навалнийнинг ўлдирилишида айбдорларга қарши санкциялар қўллашга келишиб олдик. Бу - 30 нафар жисмоний ва юридик шахс», - деди Европа Иттифоқининг ташқи ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел учрашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида. 

ЕИ давлатлари Украина учун ўқ-дориларни «ўзи хоҳлаган жойда» сотиб олиши мумкин 

Учрашувда Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба онлайн тарзда иштирок этди. «Вазир Кулебани тинглаганимиздан сўнг, Украинани қўллаб-қувватлаш учун шошилинч чоралар кўриш зарурлиги маълум бўлди», деди Боррел. Унинг сўзларига кўра, Киевга яна беш миллиард евро ажратиш тўғрисидаги қарор ҳарбий ёрдамни «олдиндан тахмин қилиш» имконини беради, унга қурол сотиб олишни давом эттириш имконини яратади ва Украина қуролли кучлари (УҚК) учун 2022 йил ноябр ойидан бери фаолият юритаётган Европа Иттифоқининг ўқув миссияси ишини қўллаб-қувватлайди. 

«Украинага ёрдам жамғармаси Европа мудофаа саноатини ривожлантириш учун эмас, фақат Украинага ёрдам бериш учун мўлжалланган», деб таъкидлади Боррел журналистларнинг саволларига жавоб берар экан. Унинг тушунтиришича, «Украина учун Европа Иттифоқидан ташқарида ўқ-дорилар сотиб олмоқчи бўлган Европа Иттифоқига аъзо ҳар бир давлат Европа тинчлик жамғармасидан товон пули олиш ҳуқуқига эга». Шу билан бирга, Брюссел миллий ҳукуматларга Украина қуролли кучлари учун снарядларни «ўзи хоҳлаган жойда қидиришга рухсат беради: ўз захираларидан олиш, Европа ишлаб чиқарувчилари ёки дунёнинг исталган мамлакати мудофаа корхоналаридан сотиб олиш». 

Боррел, шунингдек, Чехия ҳукуматининг Украина қуролли кучлари учун 800 минг ўқ-дори сотиб олиш ташаббуси орқали Украинага ёрдам жамғармаси бюджетидан снарядлар учун маблағлар бир қисмини унда иштирок этган аъзо мамлакатларга қайтариш учун қонуний равишда фойдаланиш мумкинлигини таъкидлади.

Россия активларидан олинган даромадларни мусодара қилиш бўйича ҳали консенсус йўқ 

Йиғилиш кун тартибидаги яна бир масала Россиянинг музлатилган активларидан тушган маблағларни мусодара қилиш бўлди. «Гап даромадларни мусодара қилиш ҳақида кетяпти, биз музлатилган капитал ҳақида гапирмаяпмиз. Бизнинг вазифамиз уларни олиб, Украина фойдасига ишлатишдир», - дея таъкидлади Боррел. У айнан қайси сумма ҳақида гапираётганига аниқлик киритмади, фақат бу «катта» эканлигини таъкидлади. 

Дипломатнинг сўзларига кўра, даромадларни мусодара қилиш вазирлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланмаса-да, айрим давлатлар «қонунийлик ва молиявий оқибатлар»дан хавотирда. «Ҳеч ким бунга қарши бўлган деб айта олмайман, лекин улар ҳуқуқий масалаларни ўрганишни бошлаш учун аниқ таклифни эшитишни хоҳлади», деб тушунтирди Боррел. Унинг сўзларига кўра, таклифни бир неча кун ичида тақдим этишни режалаштирмоқда, у Европа комиссияси билан биргаликда муҳокама қилинади, аъзо давлатлар уни ЕИ саммити олдидан ўрганиши мумкин. Саммит 21-22 март кунлари Брюсселда бўлиб ўтиши кутилмоқда. 

Мавзуга оид