Қумқўрғонда сел талафотларини бартараф этишга Сурхондарё вилоятидаги барча туманлардан ёрдам чақирилди
Аҳоли хонадонлари лойқа сувдан тозаланиб, кўчаларга қум-шағал ётқизилиб, четларига турли дарахтлар экилаётгани айтилмоқда.
Бундан бир неча кун олдин Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида кучли ёғингарчилик ортидан сел оқиб аҳоли хонадонларини сел босганди.
Жумладан, Элобод маҳалласида 2 та ички кўчада жойлашган 47 та, Азларсой маҳалласи ҳудудидаги 5 та ички кўчада жойлашган 56 та хонадоннинг ҳовли ва томорқаларига, айрим турар жойлар ичкарисига кирган.
Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, Азларсой маҳалласидаги 56 та хонадондан 210 нафар ва Элобод маҳалласидаги 32 та хонадондан 150 нафар аҳоли хавфсиз ҳудудда жойлашган яқин қариндошларининг уйларига вақтинча кўчирилган.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Қумқўрғон туманининг сел-сув тошқинларидан талафот кўрган Элобод, Янгишаҳар, Боғаро ва Азларсой маҳалларидаги 61 та кўча шаҳар, вилоятдаги барча туманлар ҳамда корхона ва ташкилотларга бириктирилган.
Ҳудудлардан 10 мингга яқин ҳашарчи, 200 дан ортиқ юк машиналари, 100 га яқин махсус транспорт воситалари, 50 та мотопомпа воситалари жалб қилинган.
23 март ҳолатига 130 дан ортиқ хонадон лойқа сувлардан тозаланган, 12 км ички йўлларга қум-шағал тўкилган, 3 мингдан ортиқ объект ҳамда 2,5 мингга яқин сув ҳовузлари дезинфекция қилинган.
Аҳоли қарамоғидаги 100 дан ортиқ чорва моллари хавфсиз ҳудудларга ўтказилиб, ветеринария хизмати кўрсатилган. Тозаланган ва тартибга келтирилган кўчалар бўйлаб, 1 мингдан ортиқ, мавсумга мос дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилган.
“Айни вақтда ФВБ, ИИБ, Миллий гвардия бошқармалари бошлиқлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари раҳбарлигида бириктирилган кўчалар бўйлаб, тозалаш-таъмирлаш, ободонлаштириш, кўчаларни тартибга келтириш ва дарахт кўчатлари экиш ишлари давом этмоқда”, дейилади хабарда.