Ўзбекистон | 22:03 / 25.03.2024
10875
7 дақиқада ўқилади

25 мартнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Наманганда қурилиши бошланган янги электр станциялар, ўзбекистонликлар учун иш ўрни таклиф этаётган Канада, истиш мавсумини якунлаётган пойтахт ва 3 йилга қамалган педофил — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг. 

Президентнинг Наманган вилоятига ташрифи

Шавкат Мирзиёев ҳудудлар иқтисодиёти, муҳим ижтимоий-иқтисодий дастурлар ижроси билан танишиш мақсадида Наманган вилоятида бўлиб турибди.

Президент вилоятга ташрифини Янги Наманган туманидаги «Гавҳар груп» корхонаси фаолияти билан танишувдан бошлади

КУН ИҚТИБОСИ

«Мамлакатимизда йилига 100 тонна олтин қазиб оляпмиз. Уни заргар тадбиркорларга бўлиб тўлаш шарти билан сотишга рухсат берилган. Очиғи, бундай имкониятлар ҳеч қайси давлатда йўқ. Лекин юртимизда олтиннинг атиги 6 фоизи қайта ишланяпти. Олтин қазиб олинмайдиган мамлакатлар биздан кўп экспорт қиляпти. Бу соҳада бироз кечикдик. Шунинг учун ишлаб чиқаришга қўшимча шароитлар яратяпмиз. Бу ҳали бошланиши. Соҳани ҳали яна ривожлантирамиз», — деган Ш.Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев Уйчи туманидаги «Қумтепа» ёшлар кичик саноат зонасида бўлди. Президень Қумтепа маҳалла идорасида ҳам бўлиб, маҳалла «еттилиги» билан суҳбатлашди.

Шавкат Мирзиёев Наманган туманидаги электр двигател ва сув насослари заводига борди. Бу заводда Хитойдан келтирилган технологиялар асосида йилига 10 минг дона электр двигател, 2 минг дона сув насоси ишлаб чиқариш қуввати яратилган. Йил охиригача лойиҳанинг иккинчи ва якуний учинчи босқичлари ишга тушади.

Чустда қуриладиган мис заводи, Тўрақўрғонда ташкил этиладиган синтетик мато фабрикаси ва бошқа инвестиция лойиҳалари президентга тақдимот қилинди.

Президент Ш.Мирзиёев Наманган вилоятида гидроэлектр станциялар каскади ҳамда иккита қуёш электр станцияси қурилишини бошлаш маросимида иштирок этди.

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ 434 млн доллар эвазига Уйчи туманида 228 мегаваттли 6 та ГЭС каскадини барпо қилади. Бунинг натижасида йилига 1 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқарилади ва 430 минг хонадонга электр узатилади.

Поп туманида Германиянинг «Hyper Partners GmbH» компанияси томонидан 350 млн долларга йилига 1,095 млрд kWh электр энергия ишлаб чиқарадиган 500 MW қувватли қуёш электр станцияси қурилади.

БААнинг «Tepelen Group Holding Limited» компанияси билан ҳамкорликдаги қуёш электр станцияси ҳам Попда қурилади. Унинг ҳам қиймати 350 миллион доллар, қуввати 500 MW бўлади.

Мазкур лойиҳалар натижасида Наманган вилоятининг генерация қувватлари 2141 MWга етади. Йиллик 7,8 миллиард kWh электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу эса вилоятнинг электр энергиясига бўлган 5,5 миллиард kWh'лик талабини тўлиқ қоплайди. Ортган 30 фоиз электр Андижон ва Фарғона вилоятларига йўналтирилади. 

Тошкентда «Янги авлод» махсус саноат зонаси ташкил этилади

Президент қарорига кўра ташкил этилаётган ва фаолият муддати 30 этиб белгиланган янги саноат зонаси ҳудудидаги лойиҳалар учун 2025 йил якунигача 1,5 млрд долларгача тўғридан тўғри чет эл инвестициялари ўзлаштирилиши белгиланди. Бу ердаги тадбиркорлар махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари учун белгиланган алоҳида солиқ, божхона имтиёзлари ва бошқа преференциялардан фойдаланади. 

26 мартдан Тошкентда иситиш мавсуми якунланади

Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўра, бунда шаҳар гидрометеорология марказининг маълумотлари ва ўртача суткалик ҳарорат 10 даражадан юқори бўлаётганлиги инобатга олинган. Шунга мувофиқ, жорий йилнинг 26 март кунидан 2023-2024 йилги иситиш даври якунланиши кўзда тутилган. Қайд этиш лозимки, кейинги иситиш мавсумида коммунал нархлар кўтарилади. 

Ҳафта давомида  айрим жойларда кучли ёғингарчилик кузатилади

25–29 март кунлари учун берилаган об-ҳаво прогнозига кўра, Ўзбекистон ҳудудига нам Ўрта Ер денгизи ҳавосининг бир қисми кириб келиши кутилмоқда.

Республика бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғади, айрим жойларда кучли бўлади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузи +20...+25, кечаси +10...+15 даражани ташкил этадиган ҳаво ҳарорати иш ҳафтасининг охирига бориб +13...+18 даражагача тушади. 

Канада ўзбекистонликлар учун 5 мингта иш ўрни таклиф қилди

Ўзбекистон Бандлик вазирлиги 5 минг нафар ўзбекистонлик Канадага ишга юборилиши ҳақида эълон қилди. Ҳозирча 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган, инглиз, француз ёки испан тилини биладиган қурилиш соҳаси вакиллари ишга жалб этилади. Иш ҳақи ишнинг мураккаблигига қараб, соатига 12,5 доллардан 30 Канада долларигача этиб белгиланган. 

Ўзбекистон ва Қатар янги иш ўринларини яратиш йўналишида ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон элчиси Қатар ТИВ Халқаро ҳамкорлик бўйича давлат вазири Лулва Рошид ал-Хотир билан учрашув ўтказди.

Учрашув якунида таълим сифатини ошириш, аёлларнинг жамиятдаги ўрнини кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш йўналишларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида келишиб олинди. 

Тошкентда 10 яшар қизга нисбатан лифтда уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилган эркак 3 йилга қамалди

Воқеа Тошкент шаҳри Учтепа туманида рўй берган. Воқеа жабрланувчи қиз ва унга бегона бўлган эркак лифтда бўлган вақтда рўй берган – эркак кийимини ечмаган ҳолда уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этган.

Судланувчи Жиноят кодексининг 129-моддаси 2-қисми «в» банди (14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан зўрлик ишлатмай уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш)га кўра айбли деб топилган ва унга 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинланган. 

Тошкентда 10 ёшли ўғлини қўшни бола билан уриштирган фуқарога чора кўрилади

Бу воқеа ҳам Учтепа туманида 21 март куни содир бўлган. Ота болаларнинг ўзаро жанжалини кузатиб, болаларни ажратиш ўрнига аксинча, ўғлига қўшни болакайни уришига имкон яратган ва жанжални давом эттиришга ўғлини мажбур қилган.

Отанинг бундай ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) билан жавобгарликка тортиш масаласи ўрганилмоқда. 

Давлат органлари учун ҳалоллик миллий стандарти ишлаб чиқилади

Давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда хусусий сектор тизимида миллий ҳалоллик стандарти институти жорий этилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, манфаатдор вазирлик ва идоралар 2024 йил декабргача давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда хусусий сектор тизимида миллий ҳалоллик стандарти —public integrity институтини жорий этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиши лозим. 

Мавзуга оид