Жаҳон | 23:51 / 26.03.2024
25453
2 дақиқада ўқилади

ФХХ директори Москва теракти ортида АҚШ ва Украина турганини айтди

Александр Бортниковнинг сўзларига кўра, террорчиларни Украинада қаҳрамонлардек қарши олмоқчи бўлишган.

Фото: РИА Новости

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) директори Александр Бортниковнинг фикрича, Москвадаги «Крокус» концерт залида амалга оширилган терактни Украина, АҚШ ва Британия ташкил қилган.

«Ҳа, мен шундай деб ўйлайман. Бизда ҳозирча умумий маълумотлар мавжуд, аммо уларнинг ўзидан кўплаб хулосаларга келиш мумкин», деган Бортников журналистларнинг терактга АҚШ, Британия ва Украинанинг алоқаси борми, деган саволига жавобан.

ФСБ раҳбарига кўра, Украина Ғарбдаги иттифоқчиларига ҳамон нимагадир қодир эканини кўрсатишга уринмоқда. «Бу учун диверсия, террорчилик актлари ташкил қилишмоқда. Украина ва Британия махсус кучлари раҳбариятининг мақсади шу. Москвадаги террорчилик актини радикал исломчиларнинг ўзи, шунингдек, Ғарб давлатлари махсус хизматлари тайёрлаган деб ҳисоблаймиз. Украинанинг бунга алоқаси бор», деган у.

Бортниковнинг айтишича, Украина Мудофаа вазирлиги бош разведка ташкилоти раҳбари бўлмиш генерал Кирилл Буданов Россия учун қонуний нишон ҳисобланади.

«Ҳали барчаси олдинда. Теракт буюртмачиси ҳозирча аниқланмади. Аммо биз бу жараённи уюштирган, [ижрочиларни] ёллаган ва муайян вазифаларни қўйганлар кимлигини тушуниб, кўриб турибмиз.

Терактда иштирок этганлар доираси кенгайиб бормоқда, унга ёрдам берганлар сони ҳали ортади.

Террорчиларни Украинада кутиб туришган. Мен кичик бир сирни очаман: нариги томонда уларни қаҳрамонлардек қарши олмоқчи бўлишган. Аммо Россия террорчилар Украина билан чегарадан ўтмаслиги учун барча ишни қилишди. Афсуски, Россияда террорчилик таҳдиди сақланиб қолмоқда», деган Бортников.

Мавзуга оид