Жаҳон | 11:31 / 27.03.2024
4918
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг ижтимоий тармоғи нархи биржа савдоларида 9 млрд долларга етди

NASDAQ биржаси савдоларининг биринчи кунида Трамп компаниясининг қиймати 9 миллиард долларга етди. Унинг улуши 4,6 миллиардга баҳоланган.

Фото: Olivier Douliery/Agence France-Presse

Доналд Трампнинг Truth Social деб номланган ижтимоий тармоғига эгалик қилувчи Trump Media & Technology компаниясининг биржадаги қиймати савдо биринчи кунида бир ярим баравар ошиб, тўққиз миллиард долларга етди, деб хабар берди Reuters 26 март куни. 

Трампнинг компаниядаги улуши (58 фоиз) 4,6 миллиард долларга баҳоланмоқда, деб ёзади Financial Times. NASDAQ биржасидаги савдоларнинг биринчи кунида компания нархи ҳар бир акция учун 49,95 доллардан 79,38 долларгача кўтарилди, ёпилишда эса 57,99 долларни ташкил этди. Савдо шунчалик ўзгарувчан эдики, у бир неча дақиқага тўхтатилди, деб таъкидлайди FT. 

«Буни бизнес истиқболлари кўрсаткичи сифатида эмас, балки Трамп тарафдорлари орасида иштиёқ белгиси сифатида кўриш керак», — дея Reuters агентлиги Great Hill Capital таҳлилчиси Томас Хейснинг сўзларидан иқтибос келтирди. Келишувга кўра, Трампга олти ой давомида ўз улушини сотишга рухсат берилмайди, деб эслатган FT. 

Truth Social’нинг яратилиши ва биржага чиқиш 

2021 йил 6 январда Вашингтондаги Капитолийга бостириб кириш юз берганидан сўнг Трампга йирик ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш блоклаб қўйилди ҳамда у йирик технология компаниялари «зулми»га қарши кураш сифатида ўз платформасини яратишини эълон қилди. Трамп Truth Social’ни Facebook, Twitter ва YouTube’га муқобил деб билади. 

Компаниянинг биржага чиқиши 22 март, жума куни, акциядорлар АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси (SEC) томонидан яшил чироқ ёнганидан кейин уни маъқуллаганидан сўнг мумкин бўлди. Жойлаштириш биржада ҳақиқий бизнесга эга бўлган йирик компанияни рўйхатга олиш учун махсус яратилган «қўғирчоқ» компания (Special purchase acquisition company, SPAC) билан бирлашиш орқали амалга оширилди. 

Мавзуга оид