Исроилда ҳукуматга қарши янги намойишлар бўлиб ўтди
Қуддусдаги парламент биноси олдида йиғилганлар Исроилда муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини талаб қилди.
31 март, якшанба куни ўн минглаб исроилликлар ўнг қанот консерватив бош вазир Бенямин Нетаняҳу бошчилигидаги ҳукумат сиёсатига норозилик билдириш учун яна кўчаларга чиқди. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, минглаб намойишлар, хусусан, Қуддусдаги парламент биноси – Кнессет яқинида бўлиб ўтган.
Намойишчилар ҳукумат истеъфоси ва муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини, шунингдек, ҲАМАС жангчилари томонидан гаровга олинганларни тезда озод қилиш бўйича келишувга эришилишини талаб қилди. Қуддусдаги норозилик намойиши, таъкидланганидек, Ғазо секторида уруш бошланганидан бери энг йирик намойишга айланди. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, Кнессетда 100 мингдан ортиқ одам йиғилган, ОАВ эса «ўн минглаб» иштирокчилар ҳақида ёзмоқда.
Исроил мухолифати етакчиси Яир Лапид намойишда нутқ сўзлаб, Нетаняҳуни кескин танқид қилди. У бош вазирни Исроилнинг АҚШ билан муносабатларини бузишда ва ҲАМАС гаровга олганларни тақдир ҳукмига ташлаб қўйганликда айблади. Нетаняҳу «ҳамма нарсани сиёсат учун қилади, мамлакат учун ҳеч нарса қилмайди», деди Лапид.
Нетаняҳу: Эрта сайловлар ҲАМАС фойдасига ишлайди
Исроил бош вазири ўзига нисбатан танқидни қатъиян рад этди. «Ҳозир, уруш авжида, ғалабага бир неча дақиқа қолганда сайловларга чақириқлар Исроилни камида олти ой, менинг ҳисобимча, саккиз ой давомида фалаж қилади», деди Нетаняҳу.
Унинг сўзларига кўра, эрта сайловлар Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва фаластинлик маҳбусларни озод қилиш эвазига гаровга олинганларни озод этиш бўйича музокараларни ҳам фалаж қилади. Бу «қўйилган мақсадларга эришишдан олдин урушнинг тугашига олиб келади» ва шу тариқа ҲАМАС қўлига ўйнайди, дея таъкидлади бош вазир. Шу билан бирга, Нетаняҳу барча гаровга олинганларни ватанига қайтаришга ваъда берди.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 32 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
08:28
Исроил мудофаа вазирининг истеъфоси: минглаб кишилар намойишга чиқди
23:30 / 05.11.2024
Бинямин Нетаняҳу Исроил мудофаа вазирини лавозимдан олди
16:18 / 05.11.2024
Исроилнинг уруш жиноятлари учун рамзий «Ғазо трибунали» тузилди
15:50 / 05.11.2024