Жаҳон | 11:16 / 09.04.2024
4531
3 дақиқада ўқилади

Россия ИИВ Навалнаяни РФга қарши санкциялар қўллаш чақириғи юзасидан текширяпти

«Единая Россия» аъзосининг илтимосига кўра, Россия Ички ишлар вазирлиги Юлия Навалнаяга нисбатан текширув ишларини олиб бормоқда. Россия Федерациясига қарши санкциялар қўллашга чақириш 3 йилгача қамоқ жазосига сабаб бўлади.

Фото: Johanna Geron/REUTERS

Россия ички ишлар вазирлиги (ИИВ) Юлия Навалнаяга нисбатан Россия Федерациясига қарши санкциялар қўллаш чақириқлари юзасидан текширув олиб бормоқда. Бу ҳақда 8 апрел, душанба куни РИА «Новости» агентлигига Давлат думасидаги «Единая Россия»  фракцияси депутати Андрей Алшевских маълум қилди.

Алшевскихнинг айтишича, айнан у мухолифатчи Алексей Навалнийнинг беваси сўзларини текшириш учун ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. «Мен эътибор берган мурожаат ва нутқ экспертиза учун юборилгани, шу асосда қарор қабул қилиниши ҳақида жавоб олдим», — деди депутат. Россия Жиноят кодексига кўра, мамлакат ёки унинг фуқароларига нисбатан «чеклов чоралари»ни жорий этишга чақириш уч йилгача қамоқ жазосига сабаб бўлиши мумкин.

«ФБК» директори Иван Ждановнинг таъкидлашича, жиноий иш қўзғатиш ҳақида гапиришга ҳали эрта, ички ишлар вазирлиги расмий равишда аризалар бўйича текширув ўтказиши шарт. «Аммо Юлия Навалная ҳар томонлама таъқиб қилинишига шубҳа йўқ», деб ёзган Жданов Telegram’да.

Алексей Навалнийнинг ўлими 

Алексей Навалний 16 феврал куни Ямал-Ненец автоном округи Харп қишлоғидаги «Полярный волк» махсус режимли колонияда ноаниқ шароитда вафот этди. Ўлим ҳақидаги ҳисоботда сиёсатчи табиий сабабларга кўра вафот этгани айтилади. Мухолифатчи тарафдорлари унинг ўлдирилганига ишонишади. Навалнийнинг жасади бир ҳафта давомида қариндошларига топширилмади.

Сиёсатчи 1 март куни Москвадаги Борисов қабристонига дафн этилди ва у билан хайрлашиш учун минглаб одамлар келди. Навалнийнинг ўлимидан сўнг унга мемориаллар Россия шаҳарларидаги сиёсий қатағон қурбонлари ёдгорликлари ва бошқа муҳим жойларда, шунингдек, Россиянинг турли мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарида пайдо бўлди. Россияда хотира тадбирлари қўлга олишлар билан бирга кечди. 

Эрининг ўлимидан сўнг, Юлия Навалная ўз фаолиятини давом эттиришини маълум қилди. Европарламентда сўзга чиқиб, у Россия раҳбариятига қарши курашиш учун уюшган жиноятчиликка қарши кураш усулларидан фойдаланишга чақирди - хусусан, молиявий фирибгарлик ва «мафия» шерикларини излаш ҳамда ЕИда яширинган пулларни қидириш орқали. 

Мавзуга оид