Ўзбекистон | 08:11 / 09.04.2024
3662
1 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида синтетик гиёҳвандлик воситаларини тарқатиб келган шахслар ушланди

Тошкент вилояти ИИББ ва унинг қуйи тизим ходимлари томонидан гиёҳвандлик ҳамда кучли таъсир қилувчи психотроп ва синтетик дори воситаларининг айланмасига қарши курашиш борасида жойларда кучайтирилган назорат-рейд тадбирлари ўтказилмоқда.

Фото: ИИВ

Хусусан, Юқори Чирчиқ туманида тунги хизматга жалб қилинган Патрул-пост хизмати ходимлари ва ҳудудий профилактика инспектори томонидан Жумабозор ҳудудида шубҳали кўринган 2000 йилда туғилган икки нафар шахс (А.С. ва С.Ж) тўхтатиб текширилган.

Натижада, ушбу шахсларнинг ёнидан 28 дона қизил полиэтилен пакетларда қадоқланган таркибида фаол гиёҳванд модда бўлган (экспертиза хулосаси) синтетик воситалар борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олинган.

Ўрганишлар давомида улар гиёҳвандлик воситаларни белгиланган жойларга яшириб, жойлашув манзилини мобил телефонлари орқали суратга олиб буюртмачига юбориши маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан ушланган шахсларга нисбатан Юқори Чирчиқ тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жиноят кодексининг 273-модда 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид