Жаҳон | 11:18 / 10.04.2024
3087
5 дақиқада ўқилади

Испания «олтин визалар»ни бекор қилди

Испания ҳукумати кўчмас мулкка йирик сармоя киритганлик учун мамлакатда яшаш ҳуқуқини берувчи «олтин визалар»ни бекор этишга қарор қилди.

Фото: Zuma/TASS

Испания вазирлар маҳкамаси 9 апрел, сешанба кунги йиғилишида 2013 йилдан бери мавжуд бўлган «олтин визалар» тўғрисидаги қоидани бекор этишга қарор қилди. Унда Европа Иттифоқи мамлакатлари фуқароси бўлмаган хорижий инвесторларга ёлланма ишлаш ҳуқуқи билан мамлакатда яшаш учун рухсатнома берилиши назарда тутилган эди.

Кўчмас мулкка йўналтирилган маблағ 500 минг евродан кам бўлиши мумкин эмас. Инвесторнинг оила аъзолари ҳам Испанияда яшаш ҳуқуқини қўлга киритган.

Вазирлар маҳкамаси ўзининг сўнгги қарорини «кўчмас мулк спекуляцияси ва Испанияда пул ёрдамида имтиёзларни сотиб олиш имконияти»га қарши курашиш истаги билан изоҳлади. У уй-жой нархининг ошишига ҳам олиб келди.

«Олтин виза» ва оддий виза ўртасидаги фарқ нима?

Мадриднинг ABC газетаси расмий манбаларга таяниб ёзишича, «олтин визалар» айниқса АҚШ ва Хитой фуқаролари орасида машҳур бўлган. 10 йил давомида ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда руслар жами 1159 та кўчмас мулкка эга бўлди ҳамда турли йиллардаги битимлар сони бўйича чет элликлар орасида 5-6 ўринни эгаллади. Шу билан бирга, 2023 йилнинг биринчи олти ойида (янгироқ маълумотлар ҳали эълон қилинмаган) Россия фуқаролари «олтин виза»га мурожаат қилмасдан, Испанияда умумий асосда кўчмас мулк сотиб олиш бўйича 2137 та битимни амалга оширган.

Нархи 500 минг евродан кам ёки ундан ортиқ бўлган умумий асосда уй-жой сотиб олиш доимий яшаш ҳуқуқини бермайди. Бундай ҳолда, Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар фуқаролари фақат ҳар йили янгиланадиган мунтазам кўп марталик визани олиши мумкин, бу эса Испанияда йилига 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга қолиш имконини беради. «Олтин виза»дан фарқли ўлароқ, кўп марталик визалар мамлакатда ишлаш ҳуқуқини бермайди. 

Нима учун «олтин визалар» россияликлар орасида машҳур эмас эди?

Шунга қарамай, «олтин визалар», Испаниянинг шарқий соҳилида фаолият юритувчи кўчмас мулк компанияси вакили Эусебио Гомес DW нашрига берган интервюсида таъкидлаганидек, турли сабабларга кўра «россияликлар орасида машҳур бўлмаган». Шунинг учун уларнинг бекор қилиниши «Россия фуқароларига кўчмас мулк сотиш сонига деярли таъсир қилмайди».

«Олтин визалар» нима учун оммабоп бўлмаганини тушунтирар экан, риэлторнинг таъкидлашича, энг қиммат кўчмас мулк - нархи 500 минг евродан 10-20 миллионгача бўлган уйларни сотиб олган россиялик харидорлар ҳар доим анонимликни афзал кўрган. Шунинг учун бундай харидлар кўпинча акциядорлик компанияларига - Испанияда ёки офшорда рўйхатга олинган. Бундай кўчмас мулк эгалари ўзининг виза муаммоларини бошқача ҳал қилган, масалан, халқаро операцияларни амалга оширувчи ишбилармонлар каби. 

Испаниядаги иммигрантлар учун кўчмас мулк 

Россияликларга уй-жой сотиш бозоридаги сўнгги тенденцияларга тўхталиб, Гомез ҳозир Россиядан келган муҳожирлар асосан кўчмас мулк учун 100 мингдан 200 минг еврогача пул сарфлашини, одатда банк ипотека кредитларига мурожаат қилишини таъкидлади. Гап асосан Испанияда қонуний равишда яшаётган, бу ерда ёлланма асосда ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида ишлаётган шахслар, яъни иммигрантлар ҳақида кетяпти.

Айни пайтда, бир неча йил олдин сотиб олишларнинг аксарияти ўз ватанларида доимий яшовчи Россия фуқаролари томонидан амалга оширилган. Улар ёзги таътил учун асосан «пляж мулки» деб номланган уйларни сотиб олган. Энди бундай харидларни молиялаштириш муаммоси туфайли қийин, чунки Испания банклари Россиядан пул ўтказмаларини қабул қилмайди ва риэлторларга нақд пул учун операцияларни амалга ошириш қатъиян ман этилади. Сотиб олишлар сони бўйича Россия Федерацияси фуқаролари 10-ўринни эгаллаб турибди. Биринчи ўринларда Британия, Германия ва Франциядан келганлар.

Россияликлар томонидан амалга оширилаётган харидлар географияси ҳам бироз ўзгарган. Агар илгари улар асосан шарқий ва жанубий қирғоқларнинг курорт ҳудудларида амалга оширилган бўлса, энди кўплаб операциялар саноат марказларида, жумладан Мадрид, Барселона, Валенсия ва бошқа йирик шаҳарларда амалга оширилмоқда, сабаби бу ерда ишга жойлашиш имкониятлари кўпроқ. Россияликлар томонидан сотиб олинган уй-жойнинг квадрат метри нархи тахминан 2300 еврони ташкил этади, деди DW манбаси. 

Мавзуга оид