Ўзбекистон | 08:30 / 12.04.2024
5603
1 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда милодий IX-XVI асрларга оид хум идишлар топилди

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида милодий IX-XVI асрларга оид хум идишлар топилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Сариосиё тумани Сарижар маҳалласида яшовчи фуқаро Эркин Тулаков ўз томорқасида иссиқхона қуриш учун ер кавлаётган пайтида тахминан ярим метр чуқурликда катта хум гардишига дуч келган.

Қазиш ишларини давом эттириб, ушбу гардиш баландлиги тахминан 1,50-1,60 метр бўлган, бутун сақланган бир дона улкан хум эканлигига гувоҳ бўлган ва топилма юзасидан маҳалла фуқароларга йиғинига, ундан кейин вилоят Маданий мерос бошқармасига хабар қилган.

Маданий мерос бошқармаси ҳамда Термиз археология музейи мутахассислари томонидан ушбу хум атрофида олиб борилган археологик кузатув ишлари натижасида бу ерда яна уч дона хум мавжудлиги аниқланди. Барча хумлар зарар етказилмаган ҳолда қазиб олинди.

Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, хумларнинг икки донаси IX-XIII асрларга, яна иккитаси XIV-ХVI асрларга оид экани тахмин қилинмоқда.

Мавзуга оид