Россия яна «тинчлик музокаралари»га тайёрлигини маълум қилди
Песковнинг таъкидлашича, Москва Киев билан икки йил аввалги Истанбул форматидаги музокараларга қайтишга тайёр. Истанбулдаги музокараларда Россия Федерацияси Украинадан ўз ҳудудларининг бир қисмидан воз кечишни талаб қилди.
Швейцария 15-16 июн кунлари бўлиб ўтадиган Украина бўйича тинчлик саммитига Россия вакилларини таклиф қилишдан бош тортгач, Кремл яна бир бор Украина ўз ҳудудларидан воз кечишини назарда тутувчи «тинчлик музокаралари»га тайёрлигини маълум қилди. Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков 12 апрел, жума куни журналистлар саволларига жавоб берар экан, Истанбулда 2022 йил феврал ва март ойларида бўлиб ўтган музокараларни эслатиб, «Истанбул келишувлари» янги музокаралар бошланиши учун «асос» бўлиши мумкинлигини айтди.
Россия Истанбулда нимани талаб қилди?
Россия томони ўшанда Украинадан Қримни Россия Федерацияси ҳудуди, ўзини-ўзи мустақил деб эълон қилган, россияпараст сепаратистлар назоратидаги «ДХР» ва «ЛХР»ни эса Донецк ва Луҳанск вилоятлари чегарасида мустақил республикалар сифатида тан олишни талаб қилди. Россиялик музокарачилар, шунингдек, Украинанинг блоксиз мақомида қатъий туриб олди ва Россия сиёсий раҳбариятининг қўшни давлатни демилитаризация ва «денацификация» талабларини такрорлади.
Мутахассислар Россия расмийларининг Украинани нацистлар бошқараётгани ҳақидаги ташвиқот позицияси ҳақиқатга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини бир неча бор таъкидлаган: мамлакатда, бошқа давлатларда бўлгани каби, ўтган парламент сайловларида ҳам ўта ўнг гуруҳлар мавжуд бўлишига қарамай, бу партиялар жами атиги 2,15 фоиз овоз олди.
Бундан ташқари, Украина расмийлари, шунингдек, Европа Иттифоқи давлатлари ва АҚШ раҳбарлари Россия Федерациясининг Украина ҳудудлари эвазига ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги баёнотлари Россия раҳбариятида жиддий тинчлик музокараларига тайёрлик аломатлари йўқлигини кўрсатишини билдирган.
Россия «янги воқеликлар» ҳақида маълум қилмоқда
Икки йил аввалги музокараларга ишора қилиб, Песков Россия Федерациясининг позицияси ўзгармаганлигини тасдиқлади, фарқи шундаки, уруш пайтида Москва Украинанинг тўртта вилоятини ўз ҳудуди деб эълон қилган ва уларни Россия Федерацияси Конституциясига «янги субъектлар» сифатида киритган. Бу «янги воқеликларни» энди «эътиборсиз қолдириб бўлмайди», деди Кремл матбуот котиби.
Шу билан бирга, у Россиянинг ҳудудий даъволари бундай «тинчлик шартномасида» қайд этилиши керакми, деган саволга тўғридан тўғри жавоб беришдан қочди. «Ҳозир сиз мутлақо шундай назарий музокаралар тафсилотларини муҳокама қилмоқчимисиз? Ҳозирча вазият ҳеч қандай ўзгармади, Украина президентига Россия Федерацияси билан ҳар қандай музокаралар олиб бориш тақиқланган, шунинг учун потенциал тафсилотлар бўйича ҳар қандай савол ўринсиз», деди Песков.
Украина президенти Володимир Зеленский Киев Россия қўшинлари 1991 йилги чегараларга олиб чиқилишини тинчлик ўрнатишнинг зарурий шарти деб билишини бир неча бор таъкидлаган.