Ўзбекистон | 11:40 / 16.04.2024
3704
2 дақиқада ўқилади

Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” китоби инглиз тилига таржима қилинди

Китоб рекламаси Ню Йорк метросида ҳам пайдо бўлди. “Дунёнинг ишлари”ни инглиз тилига Марк Рис ва Абдулла Рўзиев таржима қилган.

“Дунёнинг ишлари” инглиз тилига таржима қилинди. Бу ҳақда таржимон Марк Рис ўзининг Facebook'даги саҳифасида эълон қилди. Китоб 31 мартдан Amazon сайтида сотувга чиққан. “Дунёнинг ишлари”нинг рекламаси Ню-Йорк метросида ҳам пайдо бўлган. Таржимонлар Марк Рис ва Абдулла Рўзиев асар номини инглиз тилига “Such is Life” деб ўгиришган. Риснинг ёзишича, китобни таржима қилишдан нашр қилишгача 5 йил вақт кетган.

Рис китобни нашр қилишгача бўлган босқичда қатнашганларга миннатдорчилик билдирган. Жумладан, Дилдора Шомуродова (рассом), Жон Кемпион (муҳаррир), Гулноза Исмоилова (муҳаррир), Мунира Норова (муҳаррир), Жаҳонгир Азимов (муҳаррир) ва Абдулло Рўзиевлар (таржимон) “Дунёнинг ишлари” инглиз тилига таржима қилиниб, китоб ҳолида чиқишида иштирок этишган.

Марк Рис ўзбек адабиёти дурдоналарини инглиз тилига таржима қилишда тажрибага эга. У бундан олдин Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарини инглиз тилига таржима қилган эди.

Маълумот учун, асар Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов қаламига мансуб мемуар қисса. У катта-кичик ҳикоялардан иборат, узоқ йиллар давомида ёзилган ва илк марта тўлиқ тарзда 2005 йилда "Шарқ нашриёти" томонидан нашр этилган.

Мавзуга оид