Ўзбекистон | 21:26 / 16.04.2024
11616
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ток уриши оқибатида ўқувчи вафот этган мактаб раҳбарларига ҳукм ўқилди

Ўтган йили декабрда Мирзо Улуғбек туманида 8-синф ўқувчиси ток уриши оқибатида вафот этгани ортидан 99-мактабнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари қамоққа олинган эди. Суд қарори билан, унга 4 йил озодликдан маҳрум этиш, мактаб директорига эса 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

2023 йил ноябри охирида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги 99-мактаб ҳудудида 8-синф ўқувчиси очиқ электр симига тегиб кетиб, ток уриши оқибатида вафот этган эди.

Ўшанда пойтахт мактаб таълими бошқармаси болани электр токи урганини рад этиб, у ўйин майдончасидан чиқиб кетаётганда ҳушини йўқотгани, кейинроқ касалхонада вафот этганини билдирган.

Кейинчалик суд тиббий экспертизасининг дастлабки хулосаси ўқувчининг ўлимига электр токи уриши сабаб бўлганини кўрсатди.

16 апрел куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судяси Баҳодир Қаюмов раислигида бу жиноят иши кўриб чиқилди. Суд мажлисида жабрланувчилар айбланувчиларга қонун доирасида жазо тайинлашини сўради. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” банди (мансабга совуққонлик билан қараш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан айбланаётган 99-мактабнинг собиқ директори ва ўринбосари сўзида суддан енгиллик беришни сўраб, ишидан пушаймонлигини билдирди.

Суд ҳукмига кўра, собиқ директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Қ.Р. ЖКнинг 207-моддаси 3 қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, 2 йил раҳбарлик лавозимида ишламаслик ва 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. У жазо муддатини манзил колонияда ўташи белгиланди.

Мактабнинг собиқ директори Р.М. ҳам юқоридаги модда билан айбли деб топилиб, унга 2 йил раҳбарлик лавозимида ишлаши тақиқланди, 4 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид