Жаҳон | 09:39 / 17.04.2024
4009
4 дақиқада ўқилади

FT: «Райффайзенбанк» РФда юзлаб янги ходимларни қидирмоқда

«Райффайзенбанк» «Райффайзенбанк Россия»нинг гуруҳдан деконсолидациясига олиб келадиган потенциал битим, сотиш ёки ажралиб чиқиш устида ишламоқда», дея хабар берди банк.

Фото: Maksim Konstantinov/Russian Look/picture alliance

Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланганидан сўнг, Австриянинг «Райффайзенбанк»и бошқа кўплаб ғарб компаниялари мисолида Россия бозорини тарк этиш ниятини эълон қилди. Бироқ, бунинг ўрнига, банк Россия Федерациясида ўз фаолиятини кенгайтираётган кўринади. Financial Times газетаси 16 апрел, сешанба кунги нашрида шундай хулосага келди. 

Журналистлар Россияда «Райффайзенбанк» томонидан 2023 йил декабридан бери чоп этилган 2400 та иш ўринлари ҳақидаги эълонларни аниқлади. Деярли 1500 та таклиф, мақолада кўрсатилганидек, савдо менежерлари ва мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича бўш иш ўринлари билан боғлиқ. Банкнинг Россиядаги ўрта бизнесга хизмат кўрсатувчи бўлими томонидан эълон қилинган хабарлардан бирида айтилишича, банк «асосий мақсадлари ўзининг фаол мижозлар базасини қайта кенгайтириш ва даромадларнинг икки рақамли ўсишини таъминлашдан иборат». Бошқа хабарда компания иш ҳақи хизматлари соҳасида «корпоратив мижозлар базасини фаол равишда кенгайтираётгани» таъкидланади. 

Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан икки йил ўтиб, илгари бозорни тарк этиш ниятини эълон қилган «Райффайзенбанк» «Россиядаги энг йирик операцияларга эга» ғарб кредит муассасасига айланди, деб ёзади FT. Бугун у АҚШ Молия вазирлигининг диққат марказида ва Европа Марказий банки Россиядан активларини олиб чиқишни талаб қилиб, унга босим ўтказмоқда, дея эслатади журналистлар.

«Райффайзенбанк» РФдаги бўш иш ўринлари билан боғлиқ текширувни бошлади 

Газета изоҳ олиш учун боғланган «Райффайзенбанк» расмийлари FT хулосалари банк бош директори Йоханн Штроблга «зудлик билан текширув ўтказиш»га туртки берганини айтди.

«Россия бизнесининг қисқариши 2024 йилда ҳам давом этади. «Райффайзен» «Райффайзенбанк Россия»нинг гуруҳдан деконсолидацияланишига олиб келадиган потенциал битим, сотиш ёки ажралиб чиқиш устида ишлашда давом этади», - дея банк баёнотидан иқтибос келтиради нашр. Шу билан бирга, «Райффайзенбанк» таъкидлаганидек, «бўш иш ўринлари ҳақидаги эълонлар RBI (Raiffeisen Bank International) томонидан Россия бизнесини қисқартириш бўйича кўрилаётган чораларни акс эттирмайди ва Россия бизнеси учун келажакдаги режаларга мос келмайди». 

Ўз навбатида, Австриядаги «Райффайзенбанк»нинг юқори лавозимли директори Россияда бўш иш ўринлари рекламаси «жуда ноқулай» эканлигини ҳамда уни олиб ташлаш ёки қайта ёзиш талаблари билан боғлиқ ваҳима реакциясини келтириб чиқарганини маълум қилди. 

Банк раҳбариятининг сўзларига кўра, у қийин вазиятда, чунки Россияда олинган фойда кейинги инвестициялар (репатриация) учун чет элга қайтарилиши мумкин эмас ва Россия Федерациясида бизнесни сотиш бўйича ҳар қандай операцияни амалга ошириш учун Кремл розилиги талаб қилинади. Шу билан бирга, банк Россиянинг уруш давридаги иқтисодиётини очиқдан-очиқ қўллаб-қувватламасдан, харидорни жалб қилиш учун Россиядаги ўз бизнесини давом эттириши керак, дея қўшимча қилди банк.

Мавзуга оид