Ўзбекистон | 17:00 / 17.04.2024
17373
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда аттракционнинг ўриндиғи синиб, қулаб тушди. Тўрт киши жароҳатланди

Жароҳатланганларнинг икки нафари Қозоғистон фуқароси бўлгани айтилмоқда.

Фото: Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси матбуот хизмати

Термиз шаҳрида аттракцион ўриндиғи синиб қулаб тушган ва тўрт киши жароҳатланган. Бу ҳақда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2024 йил 16 апрел куни Термиз шаҳрида жойлашган “Termiz avenue park” МЧЖга қарашли “Bolajon” номли маданият ва истироҳат боғида ўрнатилган аттракционда ўриндиқ синиб, ерга қулаб тушган. Оқибатда тўрт нафар фуқаро турли даражада тан жароҳатлари олишган.

Аттракцион мавсум олдидан тўлиқ техник шаҳодат синовларидан ўтказилмаган. Уни тайёрлаш ва уни техник текширувдан ўтказиш учун тақдим этиш аттракционларнинг соз ҳолати ва улардан хавфсиз фойдаланиш учун масъул бўлган шахс тайинланмаган, мавсумга тайёрлиги тўғрисидаги далолатнома тузилмаган. Мавсум олдидан аттракциондан фойдаланиш учун рухсатнома олмасдан ундан фойдаланилган”, дейилади қўмита хабарида.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz’га маълум қилишича жароҳатланганлар 11 ва 15 ёшли қизлар ҳамда 27 ва 29 ёшли аёллар бўлган. Улардан икки нафари Қозоғистон фуқаролари бўлишган.

Жароҳатланганлар Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё филиалига ётқизилган.

Мавзуга оид