Тбилисида - «чет эл агентлари» ҳақидаги қонунга қарши оммавий норозилик намойишлари
Намойишчилар ҳукумат биносига етиб бориб, Гуржистон бош вазири билан учрашишни талаб қилди. Акцияда 20 мингга яқин киши иштирок этди.
Гуржистон парламенти «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаганидан сўнг, 17 апрел, чоршанба куни кечқурун Тбилисида минглаб одамлар намойишга чиқди.
Намойишчилар парламент биноси яқинидаги Руставели шоҳкўчасида «Россия қонунига йўқ», «Рус орзусига йўқ», «Европа – цивилизация сари йўл» деган шиорлар билан транспорт ҳаракатини тўсиб қўйди. DW’нинг Тбилисидаги мухбири сўзларига кўра, бу сафар 16 апрел куни парламент биноси яқинида 15 мингга яқин одам норозилик намойиши ўтказган митингдагидан ҳам кўпроқ одам йиғилган. AFP хабарига кўра, жорий митингда 20 мингга яқин намойишчи қатнашган.
Намойишчилар мунозарали қонун лойиҳасини бир соат ичида қайтариб олишни талаб қилиб, расмийларга ултиматум қўйди. Бу муддатдан сўнг намойишчилар Гуржистон ҳукумати биносига бориб, бош вазир Ираклий Кобахидзе билан учрашишни талаб қилди, деб ёзади Paper Kartuli. Ҳукумат биносига кириш жойи юзлаб полициячилар томонидан ҳимояланган, деб хабар беради DW мухбири.
Дастлаб полиция намойишчиларга халақит бермаган, бироқ кейинроқ Гуржистон оммавий ахборот воситалари намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувлар ва қўлга олишлар ҳақида хабар бера бошлаган. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги икки кишининг ушлангани ҳақида маълум қилди.
Департаментнинг қўшимча қилишича, полиция ходимлари «ҳуқуқ ва тартибни таъминлаш учун маъмурият биноси ҳудудига сафарбар қилинган».
Гуржистонда «Чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун
Гуржистонда мунозарали «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун Россиянинг «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунига ўхшашдир. Апрел ойи бошида ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси бир йил аввал Тбилисида ўн минглаб одамлар иштирокидаги оммавий норозилик намойишларидан сўнг қайтариб олинган қонун лойиҳасининг ўзгартирилган вариантини яна овозга қўйиш ниятида эканлигини маълум қилган эди.
Ҳужжатга кўра, маблағнинг камида 20 фоизини хориждан оладиган ташкилотлар тегишли органларда рўйхатдан ўтиши шарт. Агар қонуннинг дастлабки таҳририда бундай ташкилотлар «чет эл агентлари» деб таснифланган бўлса, ҳозирги лойиҳада гап «чет эл давлати манфаатларини ифодаловчи ташкилотлар» ҳақида кетмоқда. Рўйхатдан ўтишдан бўйин товлаш 25 000 лари (тахминан 9 минг евро) миқдорида жаримага сабаб бўлади ва такрорий жазолар қўлланиши мумкин.
«Чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун қабул қилинишига қарши норозиликлар
Гуржистон мухолифати қонун лойиҳасини кескин танқид қилиб, ҳукмрон партияни Россия учун ишлаётганликда айблади. 16 апрел куни парламент биноси яқинидаги оммавий намойишни тарқатиш учун махсус кучлар кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган, шунингдек, намойишчилар хавфсизлик кучлари томонидан калтаклангани хабар қилинган. 11 киши қўлга олинган. Гуржистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, намойишчилар ҳаракати оқибатида бир полициячи жароҳатланган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари намойишчиларга нисбатан зўравонликни қоралади. Amnesty International маълумотига кўра, полиция қочган намойишчиларни таёқчалар билан қувиб, уларни ўраб олган ва ерда ётгани ҳолда калтаклаган. «Полиция тинч намойишга кўмаклашиш ўрнига деярли жазолаш амалиётини ўтказди», деб таъкидлади ташкилот ва Гуржистон полицияси ҳаддан ташқари куч ишлатгани учун жавобгарликка тортилиши кераклигини таъкидлади. Amnesty International ҳам Гуржистон ҳукуматини «хорижий таъсир» тўғрисидаги қонун лойиҳасидан воз кечишга чақирди.
Баҳсли қонун лойиҳаси Европа Иттифоқи давлатлари ва АҚШ томонидан ҳам кескин танқид қилинмоқда. «Чет эл агентлари» тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши Гуржистонни Европа Иттифоқига қўшилишдан узоқлаштиради, деди Европа кенгаши раиси Шарл Мишел.
Мавзуга оид
23:25 / 04.11.2024
Гуржистонда минглаб одамлар парламент сайловлари натижасига қарши митингга чиқди
15:24 / 03.11.2024
Гуржистон ва Молдова сайловлари: Европа орзуси орзулигича қолдими?
12:10 / 02.11.2024
Edison Research: Гуржистондаги сайловлар натижалари сохталаштиришдан далолат беради
10:30 / 01.11.2024