Ўзбекистон | 11:59 / 24.04.2024
3977
2 дақиқада ўқилади

Автомобил ювиш шохобчасини ичимлик суви тармоғига ноқонуний улаб олган шахс аниқланди

Табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилмоқда.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Асака туман бўлими томонидан туман ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, “М.” МЧЖ масъул шахслари ва бошқалар “Янгисор” МФЙ ҳудудидаги боғдорчилик ер майдонига ўрнатилган 2 та сув насосини ҳамда дала шийпонидаги техникаларни ҳеч қандай ҳужжатсиз тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўғрилик йўли билан улаб, жами 515,2 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани, шунингдек электр таъминоти бўйича шартномасини сохталаштиргани аниқланган.

Шу каби, департаментнинг Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Унда, фуқаро Ш.Х. Каттақўрғон тумани “Навбаҳор” МФЙ ҳудудидаги автомобилларни ювиш шохобчасини ҳеч қандай ҳужжатсиз тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги ичимлик суви тармоғига улаб, жами 125,9 млн сўмлик ичимлик сувидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Департаментнинг Норин туман бўлими томонидан “Ўзэнергоинспекция” ходимлари билан ҳамкорликда терговга қадар текширув ўтказилган.

Унда, фуқаро Ш.А. “Яйдоқ” МФЙ ҳудудидаги умумий овқатланиш биносини ҳеч қандай ҳужжатсиз тижорат мақсадида электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, жами 108,8 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш ) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид