Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
Марказий банк асосий сценарий бўйича 2024 йилдаги умумий инфляция прогнозини 9-11 фоизгача оширди. Бу тартибга солинадиган нархларнинг тўғриланиши ва апрел ойидан бир қатор товар ва хизматларга ҚҚС жорий этилиши билан изоҳланган.
Марказий банк бошқаруви 2024 йил 25 апрелдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Расмий релизда таъкидланишича, иқтисодиётдаги инфляцион жараёнларга фундаментал монетар омиллар таъсири босқичма-босқич камайиб бормоқда. Шу билан бирга, жорий йил 1 майдан айрим тартибга солинадиган тарифларнинг эркинлаштирилиши умумий инфляцияга бир марталик таъсир кўрсатиши мумкин.
Марказий банк бошқаруви инфляциянинг янгиланган прогноз коридорининг юқори чегараларига нисбатан ҳам жорий пул-кредит шароитлари нисбатан қатъий фазада шаклланганини инобатга олиб, асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилган.
Умумий инфляция йил бошидан пасайишда давом этиб, март ойида йиллик 8 фоизни ташкил этди. Бунда, озиқ-овқат товарлари инфляциясида сезиларли пасайиш кузатилган. Ташқи озиқ-овқат бозорларидаги нархлар динамикаси импорт инфляциясига пасайтирувчи таъсир кўрсатган.
“Иқтисодиётда юқори талабнинг сақланиб қолаётгани ҳамда айрим тартибга солинадиган нархлар ва тарифларнинг оширилиши шароитида хизматлар инфляцияси сўнгги ойлар давомида барқарор ўсиб бормоқда. Базавий инфляция сезиларли секинлашиб, март ойида йиллик 7,6 фоиз ва йил бошидан умумий инфляция даражасидан пастроқ шаклланди”, дейилади регулятор изоҳида.
Қайд этилишича, аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари инфляциянинг жорий ва прогноз даражасидан юқорилигича қолмоқда. Шу билан бирга, тартибга солинадиган нархларнинг тўғриланиши ва апрел ойидан бир қатор товар ва хизматларга ҚҚС жорий этилиши таъсирида инфляцион кутилмалар динамикаси юқорилаши мумкин.
“Юқоридаги омилларни ҳисобга олиб янгиланган макроиқтисодий прогнозларга кўра, асосий сценарий бўйича 2024 йилда умумий инфляция прогнози 9-11 фоизгача оширилди. Прогноз коридорининг нисбатан кенглиги, тарифлар оширилиши муносабати билан аҳолига тақдим этиладиган бир марталик тўловлар, ижтимоий норма ва икки ойлик имтиёзли давр мазкур ўзгаришлар таъсирини юмшатиш имконини бериши ҳамда ҳозирги пайтда ушбу ўзгаришларнинг аҳоли ва тадбиркорлар инфляцион кутилмаларига таъсирини баҳолаш мураккаблиги билан изоҳланади. Базавий инфляциянинг барқарор пасайиш траекториясида қолиши бўйича мустаҳкам кутилмалар шаклланиб, йил якунида 7-8 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда”, дейилган Марказий банк пресс-релизида.
Изоҳланишича, умумий инфляция прогнозини янгиланиши тартибга солинадиган нархлар ошишининг пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларида келтирилган макроиқтисодий прогнозларида инобатга олинган дастлабки даражасидан юқорироқ бўлиши билан боғлиқ. Бироқ, ушбу ўзгаришларнинг иқтисодиётдаги нархларга таъсири бир марталик характерга эга бўлиб, истеъмол талабини маълум даражада пасайтириши орқали ўрта муддатли истиқболда инфляциянинг пасаювчи трендига сезиларли таъсир кўрсатмайди.
Ҳукумат томонидан иқтисодиётда ялпи таклифни оширишга ва инфляцияни пасайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, узоқ муддат давомидаги нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг йиғилган таъсирлари инфляцион жараёнларни жиловлашга хизмат қилади.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2024 йилнинг биринчи чорагида иқтисодиётнинг ўсиш суръати 6,2 фоизгача тезлашди. Хизмат кўрсатиш, чакана савдо айланмаси ва қурилиш соҳаларидаги юқори ўсиш суръатлари, шунингдек, ишлаб чиқариш ва тоғ-кон саноати соҳаларида инвестицион фаолликнинг ошиши кузатилган.
Меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талаб сезиларли даражада ошиб бормоқда. Бироқ, ишчи кучи таклифида маълум сегментация мавжуд бўлиб, юқори малакали соҳаларда талабнинг тўлиқ қондирилмаётганлиги кузатилмоқда. Бу эса, тегишли соҳаларда иш ҳақларининг юқорироқ ўсишига олиб келмоқда.
Сўмнинг реал алмашув курси динамикаси йил бошидан 0,9 фоизга қадрсизланиб, узоқ муддатли тренди доирасида шаклланди. Ташқи савдо ҳамкорлар миллий валюталари курслари ва инфляциялари бўйича прогнозларни инобатга олганда реал алмашув курсига нисбатан босимлар кузатилмаяпти.
Янгиланган прогнозларга кўра, ЯИМ ўсиши йил якунига 5,2-5,7 фоиз оралиғида бўлиши кутилмоқда. Амалдаги пул-кредит шароитларининг қатъийлик даражаси, ижобий реал бозор ставкаларини таъминлаш орқали иқтисодиётда кредитлаш ҳажмларининг босқичма-босқич мўътадиллаша бошлагани ва депозитлар ўсишининг тезлашишида намоён бўлмоқда.
Келгуси чоракларда банк тизимининг умумий ликвидлиги таркибий профицит шароитидан босқичма-босқич таркибий дефицит фазасига ўта бошлаши ва мазкур таркибий ўзгаришлар пул-кредит операциялари орқали тўғриланиб бориши кутилмоқда.
Айни пайтда, базавий инфляциянинг прогнозига эришиш бўйича хатарлар кучайиб, келгуси даврларда аҳолининг инфляцион кутилмаларида сезиларли ўсиш кузатилган тақдирда пул-кредит шароитларини ўзгартириш бўйича тегишли чоралар кўрилади.
Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргетига эришишга қаратилган нисбатан қатъий пул-кредит сиёсатини амалга оширишда иқтисодиётдаги талаб ва таклиф мутаносиблиги, инфляцион кутилмалар ва таркибий ислоҳотлар суръатларига алоҳида эътибор қаратади.
Мавзуга оид
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
23:10 / 07.11.2024
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди
11:23 / 01.11.2024
«Биз учун қизиқлиги унинг қайси нархда кириб келиши» – МБ раиси энергетика ресурслари импортида Россияга қарамлик ҳақида
19:37 / 31.10.2024