Жаҳон | 08:08 / 25.04.2024
2716
3 дақиқада ўқилади

TikTok АҚШда эҳтимолий тақиқланишига қарши судда курашмоқчи

TikTok ижтимоий тармоғи АҚШда эҳтимолий тақиққа курашсиз таслим бўлиш ниятида эмас: компания ўз ҳуқуқларини судда ҳимоя қилишга тайёр. Аввалроқ президент Байден TikTok эгасидан ушбу ижтимоий тармоқни сотишни талаб қилувчи қонунни имзолаган эди.

Фото: Getty Images

TikTok ижтимоий тармоғи АҚШда унга таҳдид солаётган тақиқни жангсиз қабул қилмоқчи эмас. 24 апрел, чоршанба куни АҚШ президенти Жо Байден TikTok эгаси, Хитойнинг ByteDance концернини Америка бизнесини бир йил давомида сотишга мажбурловчи қонунни имзолаганидан сўнг, онлайн-платформа раҳбари Шоу Цзи Чу шундай деди: «Ишончингиз комил бўлсин, биз ҳеч қаэрга кетмаймиз. Фактлар ва Конституция биз томонда ва биз яна ғалаба қозонамиз».

«Хато қилманг, бу тақиқ. Tiktok’га, сизга ва сизнинг овозингизга тақиқ», - деди TikTok раҳбари компания ўз ҳуқуқлари учун судда курашишини қўшимча қилиб.

АҚШ Конгресси қабул қилган ва Оқ уй раҳбари томонидан имзоланган қонун ByteDance концернига ижтимоий тармоқни ХХР юрисдикциясига кирмайдиган бошқа мулкдорга ўтказиш мажбуриятини юклайди. Агар бу бир йил ичида амалга ошмаса, дастур Қўшма Штатларда тақиқланиши мумкин. 

TikTok’нинг эҳтимолий тақиқланиши Қўшма Штатлар миллий хавфсизлигига таҳдид билан боғлиқ. АҚШдаги танқидчилар ижтимоий тармоқни Хитой ҳукуматига яқинликда ва фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларидан ноқонуний фойдаланганликда айбламоқда. TikTok раҳбарияти барча айбловларни рад этади.

Танқидчилар: TikTok тақиқланиши - сўз эркинлигига ҳужум

Аввалроқ TikTok эҳтимолий тақиқланишини сўз эркинлигига ҳужум деб атаган эди. Бироқ, бу қонуннинг бошқа танқидчилари ҳам бор: масалан, демократ сенатор Рон Уайден бундан АҚШнинг бўлажак ҳукумати америкаликлар сўз эркинлигини чеклаш учун фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Америка фуқаролик эркинликлари иттифоқи (American Civil Liberties Union, ACLU) бутун дунё бўйлаб «ижтимоий тармоқларни ҳукумат томонидан ҳаддан ташқари назорат қилиш» учун хавфли прецедент юзага келганини айтди. 

Ҳуқуқий экспертларнинг таъкидлашича, агар TikTok судга мурожаат қилса, Қўшма Штатлар ушбу хизмат миллий хавфсизлик ёки бошқа муҳим ҳукумат манфаатларига таҳдид солаётганини исботлаши керак бўлади. Расмийлар, шунингдек, қонун TikTok учун махсус ишлаб чиқилганлигини исботлаши керак. 

Қўшма Штатларда 170 миллион киши ушбу ижтимоий тармоқдан фойдаланади, бу мамлакат аҳолисининг қарийб ярмини ташкил қилади.

Мавзуга оид