Жаҳон | 09:00 / 25.04.2024
2879
2 дақиқада ўқилади

Украина ва Россия кўчирилган болаларни алмашиш бўйича келишиб олди

Киев ва Москва ўртасида уруш туфайли қўшни давлатда қолган болаларни алмашиш бўйича биринчи тўғридан тўғри музокаралар Қатар воситачилигида бўлиб ўтди, деди Россия вакили Лвова-Белова.

Фото: Efrem Lukatsky/AP Photo/picture alliance/dpa

Украина ва Россия РФнинг Украинага ҳужуми натижасида уй-жойини ташлаб кетган 48 болани алмашишга келишиб олди. Қатар воситачилигида тузилган шартномада 29 нафар бола Украинага, 19 нафари Россия Федерациясига олиб кетилиши назарда тутилган, деди 24 апрел, чоршанба куни Доҳада Россия президенти ҳузуридаги Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Лвова-Белова.

Унинг сўзларига кўра, Украина томони билан бундай музокаралар биринчи марта ўтказилган. Унинг давомида алмашинувда қатнашадиган болалар рўйхати келишиб олинди. Бироқ, омбудсман бу болалар ким экани ва нима учун оиласидан ажралганини тушунтирмаган.

Доҳада Лвова-Белова Қатар халқаро ҳамкорлик вазири Лолва Ал-Хатер билан учрашди ва у билан болалар алмашинуви имкониятларини муҳокама қилди. Бундан ташқари, кун тартибига «гуманитар мақсадларда ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, болаларни ота-оналари ва бошқа яқин қариндошлари билан бирлаштириш масалалари» киритилган», дейилади Болалар омбудсмани матбуот хизмати хабарида.

Киев Россияни 19 минг болани ўғирлаганликда айбламоқда

Украина Россия расмийларини украиналик болаларни ўғирлаб, Россия Федерациясига олиб кетишда айблайди. Шу муносабат билан Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд 2023 йилда Лвова-Беловани, шунингдек, Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берган. Украина расмийларига кўра, кенг кўламли уруш бошланганидан бери руслар Украинадан 19 мингдан ортиқ болани ўғирлаб кетган, улардан атиги ярим мингга яқини ўз ватанига қайтарилган. Кремл айбловларни рад этади ва болалар хавфсизлик нуқтайи назаридан жанговар ҳудудлардан олиб чиқилганини айтади.

Депортация қилинган болаларнинг бир қисми Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудлардаги Украина меҳрибонлик уйларида яшаган, бошқалари жанговар ҳаракатлар туфайли ота-онасидан айрилган ёки жадал ўзгариб бораётган фронт чизиғи туфайли ажралиб қолган. Россия Федерациясидан Украинага қайтган ўсмирлар ватанпарварлик бўйича мажбурий тарбиялангани ҳақида хабар берди.

Мавзуга оид