Кимнидир босиб қолиши керакми? Юнусободда “замҳоким”нинг ҳам “тиши ўтмаётган” масала ҳақида
Чилонзорда дарахт йиқилиб, 1 ёшли гўдак ҳалок бўлди. Эътиборлиси, йиқилишидан 10 кун аввал ўша дарахтни кесишга рухсатнома олинган бўлган. Аммо уни кесиб кетувчи ташкилот “топилмаган”. Kun.uz мухбири худди шундай ҳолат бўйича бошидан ўтганларини ҳикоя қилиб беради. Воқеалар айни шу кунларда, пойтахтнинг Юнусобод туманида юз бермоқда.
Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида фуқаролар қуриб қолган дарахтларни хавфсизлик нуқтаи назаридан кестириб ташлашда муаммоларга дуч келмоқда: уларни кесишга рухсатнома олинган, аммо кесиб берадиган ташкилот йўқ.
Ҳудудда яшовчи Kun.uz мухбири шундай ҳикоя қилади:
“Юнусобод тумани, Шаҳристон кўчасида яшайман. Уйимизни ёнида бир туп, ундан 30 метрлар чамаси нарида, чиқинди қабул қилиш пукнти ёнида яна бир туп кўп йиллик қайрағоч қуриб қолган. Уларнинг қуриганига ҳам 2 йилдан ошган аслида. Ташқарида болалар ўйнайди, ўтиб-қайтувчилар бўлади, бирортага шикаст етказмасин, деган мақсадда уларни кестириб ташламоқчи бўлдим. Аммо айнан шу масала – қуриган дарахтни кесиб олишда бунчалик тизимсизлик, сансалорлик бор деб ўйламагандим.
Аввалига қуриган дарахтларни кесиб беришни айтиб туман ободонлаштириш бошқармасига мурожаат қилдим. Улар рухсатнома кераклигини айтишди, аммо уни қаердан олишим мумкинлигини айтишмади.
Сўнгра ушбу масалада “Халқ назорати”га мурожаат йўлладим. У ерда мурожаатимни рад қилишди ва license.gov.uz орқали рухсатнома олишимни тушунтиришди.
Шундай қилдим. Қарийб 10 кунларда экологиядан ходимлар келиб, дарахтларни кўришди ҳамда далолатнома тузиб кетишди. Кейин уларни кесиш бўйича рухсатнома берилди.
Рухсатномани олиб, туман ободонлаштириш бошқармасига бордим. Бироқ ушбу ташкилотдан менинг ишимни битказиб берадиган ходим тополмадим: ўта тартибсиз ташкилотда остонада ётадиган 2 та супурги ва қоровул амакидан бошқа одамни кўрмайсиз.
Ушбу оворагарчиликлардан кейин маслаҳат олиш мақсадида туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбарига боғландим. У туман ҳокими ўринбосарига айтди. Шу тариқа, эртаси куни соат 9:40ларда ўзини “туман ободонлаштириш бошқармасиданман” деб таништирган одам қўнғироқ қилди ва дарахтларни кесиб олиш учун гуруҳ йўлга чиққанини билдирди. Аммо ҳеч ким келмади.
Тушдан кейин соат 15:00ларда ўша рақамга қайтиб қўнғироқ қилдим. Қўнғироғимга жавоб қайтарган одам ҳозир сизга боғланишади, деди. Орадан чамаси 5 дақиқа ўтиб, бир киши телефон қилди ва ярим соатда манзилга келишини билдирди. Айтган вақтида келди ҳам. Лекин дарахтларни кўриб, уларни кесиб бериши учун 2 млн сўм тўлашим кераклигини айтди. Бунинг сабабини сўраганимда эса “Мен хусусий фирмаданман, ободонлаштиришнинг вақти йўқ, шунга мени юборди”, деган жавобни олдим. Рад этдим.
Туман ҳокимлиги матбуот котибига иккинчи бор қўнғироқ қилдим. У “замҳоким”га вазият ҳақида ахборот берганини айтди. Ҳоким ўринбосари бош вазир билан юрганини, бўшаши билан масалани назоратга олишини айтди. Мана, шунга ҳам 4 кун бўлди. Қуриган дарахтлар ҳамон турибди”.
Мухбирнинг қўшимча қилишича, у дарахтларни кесиш масаласида бошқарув компаниясига ҳам мурожаат қилиб кўрган. Аммо рад жавобини олган, “бу бизнинг ваколатимизга кирмайди”, дейишган улар.
Аслида кўп қаватли уйлар атрофидаги қуриб қолган дарахтни ким кесиб олиши керак?
Kun.uz Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигидан ушбу саволга изоҳ олди.
Вазирлик вакилининг тушунтиришича, кўп квартирали уйлар талаб даражасида сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган хизматлар ва ишларнинг минимал рўйхатига кўра, ҳудудни ободонлаштириш, ўт ўриш, дарахтларни буташ ҳудуддаги бошқарув органи томонидан доимий олиб борилади. Агар дарахт кўп квартирали уйнинг туташ ҳудудида бўлса, туташ ҳудуд эса ҳоким қарори билан белгилаб берилади.
Кўп қаватли уйнинг туташ ҳудуди белгиланмаган бўлса, бу ишни, яъни қуриб қолган дарахтни кесиб беришни тегишли ободонлаштириш бошқармаси амалга ошириши керак. Чунки ушбу ер жой мулкдорларга доимий фойдаланишга хокимият томонидан берилмаган бўлади.
Чилонзор туманида қуриган ва ўз вақтида кесиб олинмаган дарахтнинг қулаши қандай оқибатларга олиб келганини ҳаммамиз кўрдик. Аслида мана шу ҳодиса аҳолининг хавфсиз ҳаёт кечириши учун масъул бўлган ҳокимларга жиддий сигнал бўлиши, бу борада ўз ҳудудидаги вазият қай аҳволда эканини ўрганиб қўйишга ундаши керак эмасми?
Ўринбосарининг “тиши ўтмаётган” масалани ҳал қилишга пойтахт прокурори ўринбосари лавозимидан келган туманнинг янги ҳокими Баҳодир Абдувалиев уриниб кўрар. Сабаби, ҳолатда нимадир тўғри эмаслиги кўриниб турибди ва масала инсонлар хавфсизлиги билан боғлиқ.
Руслан Сабуров тайёрлади
Мавзуга оид
17:40 / 08.11.2024
“Дунёдаги дарахтларнинг 38 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида” – IUCN
20:35 / 07.11.2024
2 туп чинорни кесган шахс табиатга 199 миллион сўм зарар етказди
18:18 / 06.11.2024
Шаҳарни салқинлатиш учун қанча дарахт керак? Олимлар жавоб берди
14:20 / 24.10.2024