Ўзбекистон | 13:18 / 06.05.2024
48865
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда пайшанба кунидан ёмғир ёғиши ва ҳаво ҳарорати пасайиши кутилмоқда

Ҳафта биринчи ярмида аксарият ҳудудларда қуруқ об-ҳаво бўлиши, ҳарорат +33 даражагача кўтарилиши кутиляпти. Пайшанбадан нам ҳаво массалари барча ҳудудларга тарқалади. Ҳарорат +20 даражагача пасайиб, ёмғир ёғади.

Фото: Kun.uz

9−10 май кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига нам ҳаво массалари тарқалади.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, душанба куни кундузи республиканинг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари айрим жойларида ва Фарғона водийси баъзи жойларида куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати +23…+28 даража атрофида бўлади.

Сешанба ва чоршанба кунлари республиканинг ғарбий ҳудудларига нам ҳаво яна бир қисми кириб келиши бошланади. 7−8 майда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида, 8 майда Бухоро, Навоий вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади.

Республиканинг қолган ҳудудларида бу кунлари қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати +30…+33 даражагача кўтарилади.

9−10 май кунлари кўп вилоятларда ёмғир ёғади, баъзи жойларда момақалдироқ бўлади. Фақат 9 майда Фарғона водийсида, 10 майда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ёмғир ёғиши кутилмайди. Бу кунларда ҳаво ҳарорати пасаяди ва 10 майга келиб +20…+25 даражагача бўлади.

Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7−12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 15−20 м/с гача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилади. Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 6 майда куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. 7−8 майда ёғингарчилик кутилмайди. 9−10 майда вақти-вақти билан ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади. Момақалдироқ бўлиши мумкин. Баланд тоғларда (2000 метрдан юқорида) 10 май куни ёмғир қорга айланиши эҳтимоли бор. Қор кўчиши хавфи сақланиб туради.

Тошкент шаҳрида 6 майда куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат +26…+28 даража бўлади. 7−8 май кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат +30…+33 даражагача кўтарилади.

9 майда кун иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат +30…+32 даража бўлади. 10 майда вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат +22…+25 даражагача пасаяди.

Мавзуга оид