Жаҳон | 10:20 / 07.05.2024
3556
3 дақиқада ўқилади

«Макфа» эгалари компания акцияларини сотиб олмоқчи

Макарон ишлаб чиқарувчиси эгалари давлатга акцияларни сотиб олиш ва компанияни бошқаришда Федерал мулкни бошқариш агентлигининг иштироки билан келишув битимини таклиф қилди.

Фото: Dmitry Feoktistov/TASS/dpa/picture alliance

Олти минг ходимга эга макарон ишлаб чиқарувчи «Макфа» корхонаси эгалари давлат билан келишув битими тузиб, компания акцияларини сотиб олмоқчи. Бу ҳақда «РБК» интернет-нашри 7 май, сешанба куни адвокат Игор Труновга таяниб ёзмоқда.

Шартнома шартларига кўра, «ҳозирги эгаси корхонани сотиб олади ва давлат уни бошқаришни ўз зиммасига олади», деб ёзади нашр унинг сўзларига таяниб. Бундан ташқари, Трунов таъкидлаганидек, «Макфа» ҳар йили «махсус ҳарбий операция билан боғлиқ хайрия мақсадлари учун» 1 миллиард рубл ажратади. Шартномадаги учинчи томон Федерал мулкни бошқариш агентлиги бўлиши керак. 

Трунов жорий санкциялар фонида компаниянинг давлат бошқарувига ўтиши хорижий ускуналарга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ муаммолар туфайли ишлаб чиқариш тўхтаб қолишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Шу сабабли, минтақада нон маҳсулотлари танқислиги юзага келиши мумкин.

Бош прокуратуранинг «Макфа»ни миллийлаштириш бўйича даъвоси

28 март куни Россия Федерацияси Бош прокуратураси Челябинск марказий туман судига Россиянинг энг йирик макарон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган «Макфа» АЖ активларини давлат даромадига айлантиришни талаб қилиб, даъво аризаси билан чиқди.

Департамент маълумотларига кўра, бу ва бошқа бир қанча корхоналар, жумладан, «Смак» ва «Челябинскоблгаз» коррупцион келиб чиқишга эга, чунки уларнинг бенефициарлари – Челябинск вилояти собиқ губернатори Михаил Юревич ва Давлат думаси собиқ депутати Вадим Белоусов давлат хизматида бўлганида тадбиркорлик билан шуғулланган. Шу тариқа, улар «кўп йиллар давомида коррупцияга қарши қонунчиликда белгиланган тақиқ ва чекловларни бузган», деб ёзади «Коммерсант».

1 апрел куни ТАСС агентлиги Юревич ва Белоусов қариндошларининг умумий қиймати 100 триллион рубл миқдоридаги ҳисобрақамлари ва активлари хатловга олингани ҳақида хабар берди. Қайд этилишича, хатлов Бош прокуратуранинг «Макфа» ва унга қарашли компанияларнинг Россия Федерацияси манфаатлари йўлида мулкини ундириш тўғрисидаги даъвосини таъминлаш мақсадида амалга оширилган.

«РБК»нинг 7 майдаги мақоласида таъкидлаганидек, 100 триллион рубл 2024 йил 1 март ҳолатига кўра, муомаладаги рубл пулларининг умумий миқдоридан (99,4 триллион рубл) кўпроқдир. «Макфа» адвокати Павел Хлюстов бу миқдорни «суд ижрочиси ижодининг маҳсули» деб атади», — деб ёзади «РБК».

Мавзуга оид