Жаҳон | 08:55 / 07.05.2024
6807
5 дақиқада ўқилади

Россиянинг нефт-газ саноатида уруш туфайли ишчилар тақчиллиги кузатиляпти

Россия армияси ва қурол ишлаб чиқарувчилари ишчи кучи учун нефт ва газ сектори билан рақобатлашмоқда, деб ёзади Bloomberg. Энергетика саноатида ўн минглаб ишчилар етишмаяпти.

Фото: Евгений Разумный / Ведомости

Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужумини молиялаштиришда ҳал қилувчи рол ўйнаган Россия нефт ва газ саноати ҳозирда иқтисодиётнинг уруш ҳолатига ўтиши сабабли ишчи кучи танқислигига дуч келмоқда. Бу ҳақда 6 май, душанба куни чоп этилган Bloomberg ҳисоботида айтилади

Москвада жойлашган собиқ Deloitte таҳлилий марказининг Kasatkin Consulting компанияси ҳисоб-китобларига кўра, бу йил Россия нефт ва газ секторида 40 минг ишчи кам. Нефт ва газ бўйича таҳлилчилар ва ишга ёлловчиларнинг айтишича, энергетика компаниялари энди қурол ишлаб чиқарувчилар ва Россия армияси билан ишчи кучи учун рақобатлашиши керак. 

Армиядаги тўловлар энергетика соҳасидаги маошлардан ошиб кетди

Bloomberg Федерал давлат статистика хизмати маълумотларига таяниб ёзишича, 2024 йил январ ва феврал ойларида нефт-газ саноатида ойлик номинал иш ҳақи ўртача 125 200 рублни ташкил этди, бу яқин вақтгача уни Россияда энг юқори маошлардан бирига айлантирганди. Бироқ, бу миқдор энди Россия армияси шартнома бўйича аскарларга таклиф қилаётган пул билан рақобатлаша олмайди, дея қайд этади агентлик. 

Хусусан, Украинага қарши урушда қатнашиш бўйича шартнома имзолаш учун бир марталик тўлов баъзи ҳудудларда миллион рублга етиб, нефт ва газ конидаги ўртача ишчининг деярли йиллик иш ҳақига тенг бўлиши мумкин, деб ёзади Bloomberg. 

Аммо Британия Мудофаа вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, кенг кўламли ҳужумдан кейин 450 мингдан ортиқ рус аскари ҳалок бўлган ёки яраланган Украинада ишчи жанг қилишни истамаса ҳам, у қурол ишлаб чиқарувчилар билан фойдали шартнома тузиши мумкин. 

2023 йилда Россиянинг «Ростех» давлат корпорацияси ходимларнинг иш ҳақини ўртача 17,2 фоизга оширди ва унинг бош директори Сергей Чемезов Россия президенти Владимир Путинга кўплаб объектларда ишлаб чиқариш дам олиш, байрам ва тунги вақтда давом этаётгани ҳақида маълум қилди, деб эслатади Bloomberg. 

Демографик инқироз туфайли ишчи кучи танқислиги 

Бундан ташқари, журналистларнинг таъкидлашича, ишчи кучи танқислиги 1990-йилларда туғилишнинг пасайиши билан бошланган, COVID-19 пандемияси даврида давом этган ва кейинроқ Россиянинг Украинага ҳужуми натижасидаги узоқ давом этган демографик инқироз туфайли кучайган. Шу тариқа, 2022 йилда Россия бозорида 30 ёшгача бўлган ишчиларнинг улуши 14,9 фоизга камайди. FinExpertiza аудит ва консалтинг компанияси маълумотларига кўра, бу 1990-йиллар бошидан бери энг паст кўрсаткичдир. 

Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларининг яна бир натижаси хориждан ишчи кучи оқими чекланиши бўлиб, санкциялар, рубл заифлашиши, инфляция ўсиши ва пул ўтказмалари мураккаблиги туфайли Россия собиқ СССР мамлакатларидан келган мигрантлар учун жозибадор бўлиб қолди, деб ёзади Bloomberg. 

Агентлик таъкидлашича, ўтган йили мамлакатга хорижий муҳожирлар расмий соф оқими деярли 110 000 кишини ташкил этди, бу 2021 йилдаги даражанинг тўртдан бир қисми, яъни уруш бошланишидан олдинги йилдан. Bloomberg маълумотларига кўра, иммиграция бу даражаси «Россиянинг ишчи кучига бўлган талаби билан солиштирганда денгиздан томчидир». 

Нефт-газ компаниялари «танишини олиб келиш»ни таклиф этиб, янги ходимлар учун бонуслар ваъда қиляпти 

Кадрлар тақчиллиги муаммосини ҳал қилиш учун айрим нефт-газ корхоналари янги ходимларни нафақат маошлар, балки турли мукофотлар, жумладан, уч маҳал овқат, мунтазам тиббий кўрикдан ўтказиш, болаларга янги йил совғалари ва дам олиш масканларига саёҳатлар билан жалб этишга ҳаракат қилмоқда, дейилади материалда. Бундан ташқари, баъзи иш берувчилар «танишини олиб келиш»ни таклиф этиб, янги ходим учун 50-100 АҚШ доллари эквивалентида бонус тўлашга тайёр. 

Бироқ, бу имтиёзлар ёш, юқори малакали ишчиларни энергетика саноатига жалб қилиш учун етарли эмас, деб ёзади Bloomberg, шунинг учун компаниялар кўпинча кекса ишчиларга мурожаат қилишга ва уларни «имкон қадар узоқроқ» ишлашга ундашга мажбур бўлади.

Ишчи кучи танқислиги, шунингдек, ғарбнинг юқори технологияли нефт хизматларидан фойдаланиш имконияти чеклангани, нефт-газ саноати узоқ муддатда нефт ва газ қазиб олишнинг жорий суръатларини сақлаб қола оладими, деган саволлар туғдиради, деб ёзади Bloomberg. Москвадаги «Яков и партнеры» консалтинг компанияси бу борада пайдо бўлаётган муаммоларга ишора қилди: «нефт ва газ қазиб олиш ва қайта ишлашнинг рентабеллигини сақлаб қолиш ва ошириш». 

Россия Энергетика вазирлиги Bloomberg’нинг нефт ва газ саноатида ишчи кучи етишмаслиги ҳақидаги сўровига изоҳ бермади. 

Мавзуга оид