Жаҳон | 08:26 / 10.05.2024
2696
3 дақиқада ўқилади

Хитой ва Венгрия «стратегик шериклик» тўғрисида келишиб олди

Венгрия давлат телевидениесига кўра, Си Жинпинг ва Виктор Орбан «кўплаб ҳукуматлараро келишувлар» имзолаган ҳамда муносабатларни янада кенгайтириш тарафдори бўлган. Аммо аниқ тафсилотлар келтирилмаган.

Фото: AFP

Хитой раҳбари Си Жинпинг Будапештда Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан музокара ўтказди. Сиёсатчилар учрашуви 9 май, пайшанба куни Хитой раҳбарининг Европага сафари доирасида бўлиб ўтди. Венгрия давлат телевидениеси орқали тарқатилган қўшма баёнотда айтилишича, сиёсатчилар икки давлат ўртасида «ҳар томонлама стратегик шериклик» ҳақида келишиб олди.

Хитой делегациясининг Венгрияга ташрифи чоғида «кўплаб ҳукуматлараро битимлар» имзоланди. Dpa агентлиги таъкидлаганидек, маросимда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган Венгрия давлат телевидениеси ҳеч қандай аниқ маълумот бермади. 

«Ҳар томонлама стратегик шериклик» 

Венгрия бош вазири икки давлат азалдан дўст бўлиб келгани ва бугунги кунда Хитой компаниялари Венгрияни ўн минглаб иш ўринлари билан таъминланаётганини таъкидлади. Жинпинг муносабатларни янада кенгайтириш тарафдори эканлигини айтди. «Биз иккимиз ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик мустаҳкам пойдеворга эга эканига ишонамиз», – деди у. 

Келишилган «ҳар томонлама стратегик шериклик» контурлари ҳам анча ноаниқ, деб ёзади dpa. Орбан фақат икки давлат келажакда атом саноати соҳасида ҳамкорлик қилмоқчи эканлигини эслатиб ўтди, аммо «бу ҳозирча фақат режа». Агентликнинг аниқлик киритишича, Хитой бугунги кунда Будапешт ва Белград ўртасида Хитой кредитлари ҳисобига молиялаштирилган 350 километрлик темирйўл линиясини ва Венгриянинг ўзида электромобиллар ва аккумуляторлар ишлаб чиқарадиган йирик заводлар қурмоқда. 

Си Франция ва Сербияга ташриф буюрди

Хитой Халқ Республикаси раҳбари Европага сўнгги беш йилдаги илк ташрифи доирасида Париж ва Белградда бўлди. Елисей саройида у Франция президенти Эммануэл Макрон ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан музокаралар ўтказди. Ушбу ташриф олдидан Си Жинпинг Хитой ҳукумати веб-сайтида чоп этилган мақоласида Украинада тинчликка эришиш учун ҳаракат қилишга тайёрлигини таъкидлади.

Сербия пойтахтида Си Жинпинг президент Александр Вучич билан учрашди. НАТО томонидан Хитойнинг Белграддаги элчихонаси бомбардимон қилинишининг 25 йиллиги фонида ўтказилган ташриф чоғида Хитой раҳбари Сербия ҳукуматини мамлакат ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш чораларини қўллаб-қувватлади. 

Мавзуга оид