Жаҳон | 14:39 / 11.05.2024
4057
3 дақиқада ўқилади

Исроил Рафаҳдаги операцияни кенгайтиришни режалаштирмоқда

Исроил Ғазо сектори жанубида Рафаҳдаги ҳарбий амалиётини чекланган миқёсда кенгайтириш ниятида. Бундай қарор мамлакат ҳарбий-сиёсий вазирлар маҳкамаси томонидан қабул қилинди, деб хабар бермоқда ОАВ.

Фото: AP

Исроил ҳарбий-сиёсий вазирлар маҳкамаси 9 май оқшомида Исроил мудофаа кучларининг (ЦАҲАЛ) Ғазо сектори жанубида Рафаҳ шаҳридаги амалиётини кенгайтириш учун овоз берди, деб хабар бермоқда 10 май, жума куни ОАВ. Хусусан, Axios интернет-нашрининг икки суҳбатдоши, гап АҚШнинг салбий муносабатини келтириб чиқармаслик учун армия ҳаракатлари чекланган кенгайиши ҳақида кетаётганини даъво қилмоқда. Шу билан бирга, нашрнинг учинчи манбаси Оқ уй бу қадамни жуда узоққа чўзилган деб талқин қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Исмини ошкор этмаган исроиллик мулозим The Times of Israel газетасига ҳукумат кабинети ЦАҲАЛнинг Рафаҳдаги операциясини давом эттиришни маъқуллаганини тасдиқлади, бироқ тафсилотларни келтирмади.

Axios маълумотларига кўра, ҳарбий-сиёсий вазирлар маҳкамаси ҳам исроилликларни асирга олган жангчилар билан битим тузиш бўйича янги таклиф тайёрлаш учун овоз берган.

Аввалроқ АҚШ Исроилга Рафаҳга кенг кўламли ҳужум уюштирса, ҳарбий ёрдамни қисқартириш билан таҳдид қилган эди. Бироқ бунга жавобан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёти юзасидан халқаро танқидлар остида, исроилликлар керак бўлса якка ўзи жанг қилишга тайёрлигини билдирди.

Исроил Ғазо секторидаги Рафаҳ ўтиш жойини эгаллаб олди

7 майга ўтар кечаси Исроил ҳарбийлари Ғазо секторининг жанубий қисмида Миср билан чегарадош Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктининг Фаластин қисми устидан «тезкор назорат» ўрнатилгани ҳақида эълон қилди. Аввалроқ Исроил Ғазо секторидаги ҲАМАСнинг сўнгги қалъаси деб атайдиган Рафаҳга ҳужумга тайёргарлик кўриш чоғида Исроил шаҳардан тинч аҳолини эвакуация қилишни бошлаган эди. БМТ маълумотларига кўра, беш кун давомида 110 мингга яқин одам Рафаҳни тарк этган.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери қарийб 35 минг фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид