Жаҳон | 09:45 / 11.05.2024
3898
5 дақиқада ўқилади

Париж Исроилни Рафаҳдаги ҳарбий амалиётни тўхтатишга чақирди

Франция Ташқи ишлар вазирлиги музокараларни ҲАМАС гаровга олганларни зудлик билан озод этиш ва Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга эришишнинг ягона мумкин бўлган йўли деб атади. Айни вақтда Исроил икки томондан ракета зарбаларига учраган.

Фото: Ramez Habboub/AP Photo/picture alliance

Франция Исроилни Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида ўтказаётган ҳарбий амалиётини зудлик билан тўхтатишга ва музокаралар йўлига қайтишга чақирди, деб хабар қилди ТИВ 10 май, жума куни кечқурун Парижда. «Бу гаровга олинганларни зудлик билан озод қилиш ва узоқ муддатли оташкесимга эришишнинг ягона мумкин бўлган йўли», - дейилади Франция Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. Париж Ғазо секторида тинч аҳоли учун хавфсиз зоналар қолмаганини таъкидлаб, минтақа аҳолисига таҳдид солаётган «ҳалокатли вазият» ҳақида огоҳлантирмоқда.

Франция Ташқи ишлар вазирлиги Исроил ҳукуматини тинч аҳолига инсонпарварлик ёрдами етиб боришини таъминлаш ва «аҳолининг энг заиф қатламлари Ғазо секторини тарк этиши» учун Рафаҳ ўтиш жойини қайта очишга чақирди. Шу билан бирга, Франция 5 май куни ҲАМАСнинг Керем-Шалом назорат-ўтказиш пунктини ўққа тутганини қоралади, шундан сўнг Исроил бу муҳим чегара пунктини инсонпарварлик ёрдами учун ёпди.

7 май куни Исроил мудофаа кучлари Рафаҳ шаҳрига танклар олиб кирди ва инсонпарварлик ёрдами учун муҳим бўлган Миср билан чегарадаги бошқа бир ўтиш жойи – Рафаҳ назорат пунктининг Фаластин томонини назоратга олди. Ушбу воқеадан сўнг АҚШ президенти Жо Байден Исроилга Рафаҳга йирик ҳужум режаларидан воз кечмаса, қурол етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилди.

«Ҳизбуллоҳ» жангчилари Кирят-Шмон шаҳрини ўққа тутди

10 май куни кечқурун Исроил шимолидаги Кирят-Шмон шаҳри Ливан жанубидан артиллериядан ўққа тутилди, деб хабар бермоқда dpa. ЦАҲАЛ маълумотларига кўра, отилган тахминан 35 та ракетадан фақат 15 таси тутиб олинган. Қолган снарядлар бинолар ва автомобилларга зарар етказган. 2023 йил октябр ойида ҲАМАС ҳужумидан кейин шаҳар аҳолисининг аксарияти қочиб кетган, шунинг учун ҳеч ким жабрланмаган, дейди Исроил ҳарбийлари.

Баъзи ракета портлашлари бир нечта ўрмон ёнғинларини келтириб чиқарди. Ўша куни кечқурун ёнғинларни ўчириш учун ўнта ўт ўчириш бригадаси юборилди, дея таъкидлайди dpa. Ҳужумлар учун жавобгарликни Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ўз зиммасига олди. ЦАҲАЛ ҳужумга артиллерия ва ҳаво зарбалари билан жавоб берди. Ҳарбийларга кўра, қирувчи самолётлар Ливан жанубида «Ҳизбуллоҳ» фойдаланаётган бешта бинони вайрон қилган, жангчиларнинг Исроилга ракета отган позицияси ҳам йўқ қилинган.

ЦАҲАЛ Ғазо секторидан ракета отилгани ҳақида ҳам хабар берди

Исроил ҳарбийларига кўра, Ғазо секторидан Исроил жанубидаги йирик Беэр-Шева шаҳрига ракета ҳужуми натижасида 37 ёшли аёл яраланган. 10 май куни AFP агентлиги ЦАҲАЛ маълумотларига таяниб, Фаластин жанубида Рафаҳ атрофидаги ҳудуддан тўққизта ракета ва унинг марказидан яна бешта ракета учирилганини билдирди. Қайд этилишича, ракеталарнинг ҳеч бири тутиб олинмаган, биттасидан бошқаси очиқ майдонларга қулаган.

Ракета ҳужуми учун жавобгарликни ҲАМАС ҳаракатининг қуролли бўлими «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» ўз зиммасига олди.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери қарийб 35 минг фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид